50 миллион киши сўзлашган тил бойиб бориши керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Улуғ бобокалонимиз Абдулла Авлоний бундан бир аср муқаддам “Миллий тилни йўқатмак – миллатнинг руҳини йўқатмакдир”, деган эди. Дарҳақиқат, она тили халқнинг борлигини ифода этиб турувчи, ғурур бағишловчи тимсоллардан бири.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра жаҳонда 6-7 минг атрофида тил ва лаҳжалар мавжуд экан. Афсуски, уларнинг илмий асосда ўрганилганлари 10 фоизна ҳам етмайди. Яна 1,5 мингга яқин тилларнинг йўқолиб кетиш хавфи остидалиги бизни ҳар дақиқа сергак торттириши керак.

Ижтимоий сиёсатда тиллар 3 гуруҳга бўлиб ўрганилади: халқаро, расмий ва маҳаллий. Бир вақтлар ўзбек тили ҳам қўлланиш доираси ва аҳамияти паст бўлган маҳаллий тиллар қаторида эди. Шукурки, бундан 31 йил аввал давлат тили мақомини олди. Бинобарин, 21 октябрь мамлакатимизда истиқлол байрамидек қутлуғ сана.

Жорий йилдан ушбу кунни Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонлай бошлаяпмиз. Бу ҳам бежиз эмас. Тобора глобаллашиб бораётган замонда миллий тил нуфузи ва аҳамиятини ошириш муҳим.

Тил тараққиёти кўп жиҳатдан ижодкор-зиёлиларнинг интеллектуал меҳнати сабаб юз беради. Шу маънода юртимизда адабиётга, китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга эътибор қаратилаётгани айни муддаодир. Шунингдек, шевалар ҳам тилни бойитувчи энг яхши манбалар сирасига киради. Ўйлашимизча, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос сўзларини ёзиб олиб, китоб қилиш зарур. Тўғри, бугунги кунгача ҳам бу борада олимларимиз томонидан амалий ишлар қилинган. Босим Тўйчибоев, Қозоқбой Йўлдошев муаллифлигидаги “Зоминнинг тил қомуси”, Тўра Нафасовнинг “Қашқадарё халқ сўзлари” китоблари шулар жумласидан. Ушбу хайрли жараённи янада кенг миқёсда давом эттириш мақсадга мувофиқ.

Маълумотларга кўра, ер юзида тахминан 50 миллион киши ўзбек тилида сўзлашар экан. Эндиликда, мамлакат ташқарисидаги ўзбекзабон инсонлар шевасини ўрганиш, улар талаффузида мавжуд лингвистик унсурларни таҳлил қилиш фурсати етди.

Зеро, мақсадимиз миллий ғуруримиз рамзи бўлган она тилимиз қаддини тиклаш, мавқеини оширишдан иборат.

Гуласал ТОШТЕМИРОВА,

40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF JOMBOY DISTRICT. Maked by: SAKTRM