"Жомбой тонги" газетаси ижодий жамоасига!

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ҳурматли “Жомбой тонги” газетаси ижодий жамоаси!

Сизларни 27-июнь – Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ҳамда “Жомбой тонги” таҳририяти ташкил этилганлигининг 85 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Оммавий ахборот воситалари халқимизга ишончли, тўғри ва тезкор ахборот етказиб бериш, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишларидан кенг оммани хабардор қилиш, аҳоли орасида шукрона туйғуларини шакллантириш, шунингдек, жамиятда турли иллатлар, камчиликлар урчишининг олдини олишга қаратилган фаолияти билан қадрлидир. “Жомбой тонги” газетаси қарийб бир асрдан бери ушбу вазифани тумандаги ягона расмий ОАВ сифатида юқори савияда бажариб келяпти.

Саксон беш йил кичик муддат эмас, албатта. Бу давр мобайнида Йўлдош Исмоилов, Ўрол Қаюмов, Нормат Ниёзов, Мирза Мажидов, Раҳматулла Иноятов, Абдурасул Раҳмонқулов, Машраб Бобоев каби фидойи ижодкорлар газета ўқимишлилигини таъминлаш, халқ ишончини оқлаш йўлида буюк хизмат қилишди. Улар бугун орамизда йўқ. Аммо яхши ишлари билан халқимиз хотирасида яшашмоқда.

Кейинги йилларда Гадой Мелиев, Шокиржон Шералиев, Ойхумор Асадова, Гулчеҳра Жамилова, Ҳасан Султонов, Алишер Умидов каби ўткирқалам ижодкорлар газета нуфузини оширишга катта ҳисса қўшишди. Бугун нафақа ёшидаги ушбу устоз-ижодкорлар ҳар қанча ардоққа муносиб.

Газетанинг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Бугунги кунда фаолият юритаётган таҳририят мухбири Шерзод Исоқуловнинг таълим, маданият, Аҳрор Шамсиевнинг саноат, қишлоқ хўжалиги тармоқларида эришилаётган ютуқлар мавзуига бағишланган мақолалари, фото-мухбир Соҳибжон Сайфуллаевнинг ранг-баранг лавҳалари киши диққатини тортади.

Ҳурматли журналистлар!

Ахборот маконида шиддат билан давом этаётган рақобат муҳитидан барчамиз хабардормиз. Шундай синовли вақтда ҳақиқий журналист, халқ дардини ҳаққоний кўрсатиб бера олган нашргина муштарийлар ишончини сақлаб қолиши сир эмас. Бу борада таҳририят жамоаси муносиб ҳаракат қилаётганини эътироф этиш жоиз. Нашрни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муассис сифатида ҳамиша тайёрмиз.

Шарафли фаолиятингизда улкан муваффақият ва зафарлар тилайман.

Ҳурмат билан,

Қаюм Собиров,

Жомбой тумани ҳокими                                   

27.06.2020 й.

2015-2024 © GOVERNMENT OF JOMBOY DISTRICT. Maked by: SAKTRM