Жомбой тумани ва СамИСИ: Ҳамкорлик иқтисодий ривожланишга хизмат қилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижадорлиги 2020 йилнинг март-апрели бирмунча сусайди. Яъни, пандемия таъсирида корхоналарнинг катта қисмида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайди, солиқ тушумлари ҳам параллел тарзда қисқарди.

Мисол учун, Жомбой туманида мавжуд 300 та кичик корхонанинг ярмида биринчи ярим йилликнинг натижаларига кўра ишлаб чиқариш суръатлари 10 фоиздан 50 фоизгача пасайганди, 137 корхонада солиқ тушумлари 6 миллиард сўмга қисқарди. Туман ҳокимлиги бундай ҳолатга барҳам бериш, ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва туман иқтисодиётини босқичма-босқич ривожлантириш мақсадида эътиборни Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг илмий салоҳиятидан фойдаланишга қаратди. Институт жамоаси эса кўп йиллик изланишлари натижасида тўпланган илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга киришди.

Жумладан, туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олийгоҳ профессор-олимлари туманда мавжуд имкониятларни ўрганиб, саноат соҳасининг ўсиш нуқталари (драйверлари)ни белгилаб олди. Бу асосан саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилди. Бунда 2021-2022 йилларда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш соҳасида қиймати 144 миллиард сўмлик 13 та янги лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилиб, 180 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилди. Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида Зарафшон, Ғазира ҳамда Катта қишлоқ маҳаллаларида туризмнинг 2 та йўналиши, яъни экотуризм ва агротуризм манзилларини яратиш режалаштирилди. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда мева-сабзавотчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва чорвачилик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Ҳамкорликнинг биринчи ойида маркетинг фанига таянган ҳолда туманнинг кучли ва заиф жиҳатлари аниқланди, таҳлиллар натижасида туманнинг улкан имкониятлари яққол кўзга ташланди. Жомбой жойлашган майдон нисбатан ихчам, яъни 550 квадрат километрдан иборат, унда кенг ривожланган инфратузилма шаклланган, энергия таъминоти нуқтаи назаридан ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан устунлик мавжуд. Шу имкониятлар туфайли кейинги уч йилда туманда умумий қиймати 7 миллион доллардан кўпроқ жамғармага эга 6 та хорижий инвестиция иштирокидаги саноат корхоналари ишга туширилган. Бугунги кунда улар томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган, дунё стандартларига жавоб берадиган, юқори талабга эга кенг ассортиментдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Шу билан бирга иқтисодий фаолиятни самарали йўлга қўйишга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳам талайгина. Бунга туманнинг имкониятларини ўрганишларимиз давомида гувоҳ бўлдик.

Биринчи навбатда, бу саноат корхоналарининг 90 фоизида атиги 15-20 киши ишлаши, уларнинг йиллик товар айланмаси, рентабеллиги ва шулардан келиб чиқадиган рақобатбардошлик даражаси ўта паст даражада эканлигидир. Бу эса шу пайтгача миқдор кўрсаткичларига сифат кўрсаткичларига нисбатан кўпроқ эътибор қаратилганлигининг далолати.

Шу жиҳатдан институтимиз олимларининг илмий изланишлари кичик корхоналарни йириклаштиришга қаратилиши мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди. Саноат соҳасидаги ҳамкорликдан асосий вазифалардан бири йиллик айланмаси 1 миллиард сўмга тенг корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан янада самаралироқ фойдаланишни йўлга қўйиш ва параллел тарзда йирик корхоналар сонини ҳозирги 30 тадан 50 тага етказиш.

Яна бир кўзга яққол ташланадиган ҳолат – бу катта миқдорда ишлаб чиқариладиган мева-сабзавотларнинг саноат йўли билан қайта ишланиши.

Туманда йилига 200 минг тонна мева-сабзавот ва катта миқдорда чорвачилик маҳсулотлари етиштирилади. Аммо уларнинг атиги 8-10 фоизи туман корхоналари томонидан саноат маҳсулотига айлантирилади. Бу эса қўшилган қиймат яратиш борасида тизимли занжир яратилмаганининг исботидир.

Саноат кластерлари тузиш борасидаги жараёнлар ҳам илмий асосларга таяниб йўлга қўйилмаган. Мисол учун, биринчи ва аслини олганда намуна сифатида хизмат қилиши лозим бўлган мева-сабзавотчилик кластери ташкил этиш учун Самарқанд шаҳрининг чеккасида жойлашган, ўн йиллар давомида модернизация ишлари амалга оширилмаган, оғир молиявий аҳволдаги «Самарқанд консерва заводи» танлаб олинган. Тез бузиладиган, деҳқон пешонаси тери билан етиштирилган хомашёни ёз пайтида 30-40 километрга ташишнинг қимматга тушиши ва бошқа муаммоларнинг вужудга келтириши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

Яна бир ачинарли ҳолат: йилига 5 минг тонна пахта толасини қайта ишлаб, 20 миллион долларга тенг тайёр маҳсулотни экспорт қилиш потенциалига эга, яқиндагина модернизация қилинган «Амин Инвест Интернейшл» корхонаси негизида уч йил илгари тўқимачилик кластери ташкил этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган. Муаммо шундаки, қарор лойиҳаси илмий асосланмаган тарзда, тегишли компетенцияга эга бўлмаган мутасадди шахслар томонидан тайёрланган. Улар корхонанинг ночор молиявий аҳволга тушиб қолганлигидан хабардормикан? Айни пайтда туманнинг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган бу корхонанинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, ишлаб чиқариш қувватларидан атиги 25 фоиз даражасида фойдаланилиши на тўқимачилик ассоциацияси раҳбарлари, на бошқа мутасадди шахсларни қизиқтирмаган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини туман иқтисодиётининг локомотиви, яъни драйвери дейиш мумкин. Аммо охирги уч йилда сабзавотчиликдаги ўртача ҳосилдорлик кўрсаткичи 450 центнердан 250 центнергача пасайган. Шу пайтгача ғалла мавжуд экин майдонларининг 60-75 фоизида жойлаштирилган, бу эса нафақат алмашлаб экиш тамойилига риоя этмаслик, балки бошқа илмий ёндашувлар четда қолиб кетаётганининг далолатидир. Гап шундаки, Жомбой тумани Зарафшон дарёсининг яқинлигидан келиб чиқадиган ўзига хос иқлимга эга. Шунга қарамасдан иқлимшунос ва тупроқшунос олимлар потенциалига таяниб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, иқлими салқин ва юқори намликка эга Молдова, Кавказ ва Ялта ҳудудларида етиштириладиган узумдан энг олий сифатли ва юқори қўшилган қийматга эга вино ва коньяклар ишлаб чиқарилади ҳамда ривожланган мамлакатларга қиммат нархларда экспорт қилинади.

Туман иқтисодиётида драйвер ролини бажара оладиган яна бир соҳа бу қурилиш индустриясидир. Гап шундаки, туманда ўнлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда ва улар зиммасига ҳудудий саноат маҳсулотининг тўртдан бир қисми тўғри келади. Бундай ҳолат қурилиш кластерини ташкил этиш учун катта имкониятлар яратади ва буни асослаш учун туманда жойлашган цемент, шифер, қуруқ қурилиш аралашмалари, бўёқ ва айниқса, катта габаритли керамик блоклар ишлаб чиқариш қувватига эга корхоналарни мисол келтиришнинг ўзи кифоя.

Муаммо шундаки, туманда 100 дан зиёд кичик, замонавий техникага эга бўлмаган қурилиш ташкилотлари жойлашган. Агар уларнинг таркибидан 3-4 та менежментга таяниб ишлаш имкониятига эга ташкилотлар танлаб олинса ва улар замонавий техникалар билан таъминланса, маҳаллий хомашё базасидан фойдаланиш йўли билан қурилиш ишлари ҳажмини бир неча баробарга кўпайтириш мумкин. Натижада кластер усули ёрдамида нафақат аҳоли учун чўнтакбоп уй-жойлар қурилиши кенгаяди, балки нисбатан камроқ сарф-харажатлар билан, бюджет харажатларини тежашга хизмат қиладиган замонавий мактаблар, боғчалар ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишига старт берилади.

Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган ҳамкорлик икки томон учун ҳам самарали бўлади. Айни кунларда иқтисодчи олимлар ишлаб чиқариш жараёнларига хос амалий, туманнинг иқтисодий комплекс ходимлари эса қўшимча назарий билимларга эга бўлмокда. Фан ва амалиёт ўртасидаги бу ҳамкорлик келгуси йилнинг биринчи ярим йиллигидан ўз самарасини кўрсатади. Бу ҳамкорлик жадаллик ва такомиллашган тарзда давом эттирилса, туман иқтисодиёти ривожланиб, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Илҳом ВАФОЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти илмий изланувчиси.

2015-2024 © Хокимият Джамбайского района. Разработан в: SAKTRM