Устоз журналист: Касбим менга кўп нарса берди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бундан 114 йил аввал – 1906 йилнинг 27 июнида ўзбек матбуотининг тўнғич намунаси – “Тараққий” газетасининг нишона сони чоп этилганди. Бугун ушбу сана мамлакатимизда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни” сифатида кенг нишонланади.

Байрам муносабати билан Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров узоқ йиллар соҳада самарали меҳнат қилган фахрий журналистлар хонадонига йўқлаб борди. Уларга жамиятда сўз эркинлиги, демократик тамойилларни қарор топтиришда қилган фидокорона хизматлари учун миннатдорчилик билдирди.

Оммавий ахборот воситалари халқимизга ишончли, тўғри ва тезкор ахборот етказиб бериш, бунёдкорлик, ободончилик ишларидан кенг оммани хабардор қилиш, жамиятда турли иллатлар, камчиликлар урчишининг олдини олишга қаратилган фаолияти билан қадрлидир,  – деди ҳоким. – Шу маънода сизларнинг ҳаёт йўлингиз ёшлар учун ўрнак ва намуна бўла олади. Ҳеч муболаға йўқ, журналистлик касби жамият учун энг керакли касблардан биридир.

Шокиржон Шералиев умрининг ярим асрдан ортиқ даврини ушбу соҳага бағишлаган устоз ижодкор. Бугун кексалик гаштини сураётган фахрий журналист ҳамон матбуот билан ҳамнафас. Ўткир публицистик таҳлиллар, сиёсий шарҳлар ёзиш, ёш қаламкашларга йўл-йўриқ кўрсатишдан чарчамайди. Суҳбат асносида устоз туман ижодкорларининг алманахини чоп этиш ҳақида фикр билдирди. Туман ҳокимининг таклифи билан жорий йилнинг сўнгига қадар ушбу хайрли ишни рўёбга чиқаришга келишиб олинди.

– Касбнинг яхши-ёмони бўлмайди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сулаймон Ҳусайинов. – Киши фидойи бўлса, ўз ишига сидқидилдан ёндошиб, ҳалол ишласа, эл-юрт орасида ҳурмат топади. Шу билан бир қаторда, касбининг ривожланишига, демакки, жамият тараққиётига ҳам ҳисса қўшган бўлади. Тақдиримга қалам битилганидан розиман. Камтарона умрим давомида соҳага қанчалик ҳисса қўшолдим, билмайман. Аммо журналистика менга кўп нарса берди.

Фахрийларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

 

2015-2024 © Хокимият Джамбайского района. Разработан в: SAKTRM