Нарх-наво байрам кайфиятини белгилайди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Азиз жомбойликлар!

Авваламбор, барчангизни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

Янги йил оила даврасида, қариндошу яқинлар жам бўлиб, шукроналик кайфиятида нишонланадиган байрамдир. Бинобарин, ушбу айёмни халқимиз юқори савияда ўтказиши учун шароитлар яратиш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш биз, раҳбарларнинг ҳам муҳим вазифаларимиздир.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз савдо расталаридаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳолига газ, электр, кўмир маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот бермоқчиман.

Муҳтарам юртбошимиз 16 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилнинг май ойига қадар аҳоли эхтиёжи учун талаб этиладиган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёз маҳсулотлари ҳажмини яна бир бор аниқ ҳисоб-китоб қилиб, захира яратиш, ойма-ой бозорга чиқариш ва шу орқали озиқ-овқат ҳавфсизлиги, ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан топшириқ берган эдилар.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида туман ҳокимлигининг қарори қабул қилинди. Шу орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, туманда жорий йил 3 минг 374 тонна маҳсулот захираси яратилади. Шундан 1 минг 776 тонна картошка, 755 тонна пиёз, 533 тонна сабзи, 311 тонна гуруч ҳиссасига тўғри келади.

Қиш-баҳор ойларида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун умумий сиғими 30 минг тоннадан ортиқ 7 та музлаткич, 780 тонна ҳажмга эга 7 та омборхоналаримиз мавжуд.

Захира қилиш режалаштирилган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида тижорат банклари томонидан тайёрлов корхоналарига 340 миллион сўмлик банк кредитлари ажратилди.

Демоқчимизки, кўзланган мақсадга эришиш, Президентимиз топшириқларини тўлақонли ижро этиш мақсадида барча имкониятларни ишга соляпмиз. Натижада, бугунгача туманда фаолият юритаётган 80 та корхона ва 2 та деҳқон бозорлари томонидан 3 минг 344 тонна маҳсулот жамғарилди.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли. Пандемия чекиниши билан мактабгача таълим муассасаларимиз ҳам фаолиятини тиклади. Болажонларимиз тарбияланаётган ушбу муассасаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан биринчи навбатда таъминлаш зарурлиги сир эмас. Шу мақсадда бугунги кунга қадар 56 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилди. Бунинг учун бюджетдан 276 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳурматли ота-оналаримиз ва кенг жамоатчилик вакилларини бу борадаги ишларни биргаликда назорат қилишда ҳамкорликка чақираман.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида тадбиркорларимиз ҳам ёнимизда туриб, фидойилик кўрсатаётгани эътирофга муносиб. Хусусан, улар томонидан ички бозорга хориждан картошка, шакар, ўсимлик ёғи олиб келиняпти. Жумладан, тумандаги “Нур таъминот савдо” масъулияти чекланган жамияти ташқи ҳамкорлар билан 43 минг тонна, шундан 6 минг тонна картошка, 17 минг тонна ўсимлик мойи ва 20 минг тоннадан ортиқ шакар ва гўшт маҳсулотларини импорт қилиш учун шартнома имзолади.

Бундан ташқари, Бош Прокуратура ҳузуридаги департамент ташаббуси билан аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида Бешбола, Эски Жомбой, Тут ва Аҳмаджон Қурбонов маҳаллаларида 10 та арзонлаштирилган автодўконлар хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, 10 та тадбиркорга “яшил дўкон” фаолиятини йўлга қўйиш учун махсус жой ажратиб берилди. Бугунги кунгача 3 тасида қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган.

Қайд этиш жоизки, вилоят ҳокими томонидан 2020 йил 14 ноябрда тасдиқланган “Маҳаллаларда ва аҳоли гавжум жойларда кичик “яшил дўконлар” ва экобозорлар ташкил этиш тармоқ жадвали”да ҳам айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди.

Азиз юртдошлар!

Туманимизда 3 та деҳқон бозори мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида арзонлаштирилган маҳсулотлар сотишга мўлжалланган 5 тадан ижтимоий расталар (яъни, ярмаркалар) фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга туманимиздаги таъминотчи корхоналар томонидан Самарқанд шаҳри, Саттепо масканидаги “Табиат саховати” бозорига 11 тонна картошка, 8,1 тонна пиёз, 25,5 тонна бошқа турдаги сабзавотлар, 6 тонна мол гўшти, 3,1 тонна парранда гўшти, 2,2 тонна балиқ маҳсулотлари етказилди. Буларнинг барчаси аҳолига арзон нархларда сотилиши белгиланган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бозорларда маҳсулот хариди, умуман аҳоли эҳтиёжининг реал прогнозини юритиш муҳим ҳисобланади. Маълумот учун туманимиздаги бозорларга ҳар куни ўртача 1,4 тонна картошка, 1,3 тонна мол гўшти, 8-10 минг дона тухум етказиб бериляпти.

Эҳтиёж ҳажми ва аҳоли сонидан келиб чиқиб, деҳқон бозорларимизда 2 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга ихтисослашган таёрлов харид корхоналари фаолиятини йўлга қўйдик.

Жумладан, “Журият деҳқон бозори” ҳудудида “Журият улгуржи”, “Жомбой дехқон бозори” ҳудудида “Куз ҳосили” таёрлов харид корхонаси ишлаб турибди. Уларга 345 миллион сўмлик имтиёзли банк кредитлари ажратилиб, ноябрь ойи давомида 48,5 миллион сўмлик савдо тушуми амалга оширилди. Декабрь сўнгига қадар 70 миллион сўмлик савдо тушуми кутиляпти.

Янги йил байрамини юқори кўтаринкилик билан кутиб олиш тадбирларига ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасалар баҳолиқудрат ўз ҳиссасини қўшаётгани қувонарлидир. Улар томонидан деҳқон бозорларимизга маҳсулотлар ўз вақтида етказиб бериляпти ва нархларнинг барқарор бўлишига эришилмоқда.

Ҳурматли томошабинлар!

Жомбой туман газ таъминоти филиали балансида бугунги кунда 480,7 километр ҳаракатдаги қувурлар мавжуд.

Табиий газни маромида етказиб бериш учун маҳалла ва ташкилотларга 439 та газ тақсимлаш қутиси ўрнатилган. Шундан 119 таси юқори босимли саналади. 2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жараёнида уларнинг барчаси профилактик назоратдан ўтказилган. Жумладан, 2 таси мукаммал таъмирланиб, 14 километр газ қувурлари прибор ёрдамида текширилган. Бундан ташқари, 50 километр тармоқ ҳаво босими остида синалди, 11 километр ер усти қувурига ранг берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, туманимизда “Самарқанд-1”, “Шимолий”, “Тойлоқ” “Оқдарё” ва “Жомбой” тақсимлаш шохобчалари орқали аҳолига табиий газ етказиб берилади. 2021 йилда Жомбой тумани ва унинг атрофидаги кўчаларнинг кенгайиши ҳисобига маънан эскирган қувурларни реконструкция қилиш ва янги газ тармоқлари тортиш ишларини янада ошириш мақсад қилинмоқда.

Ҳозирги пайтда табиий газ истеъмолчилари ҳисобланган жисмоний шахслар сони 125 минг 710 нафарни ташкил этиб, шундан 53 минг 139 нафари кўп қаватли уйлардаги аҳоли, 68 минг 788 нафари ҳовлида истиқомат қилувчилар ҳиссасига тўғри келади. Улгуржи истеъмолчилар эса сони 3783 тага етган.

Жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида истеъмолчиларга 163,5 миллион метр-куб табиий газ етказиб берилди. Шундан қарийб 50 фоизи аҳоли, қолган қисми улгуржи истеъмолчилар ва АГНКСлар томонидан харид қилинган.

Албатта, ҳар бир моддий бойликнинг ҳисоб-китобини юритиш зарур. Айни пайтда жомбойликларнинг табиий газ бўйича дебиторлик қарздорлиги 53,3 миллиард сўмни ташкил қиляпти. Ўрни келганда айтиш лозимки, етказиб берилган ресурслар ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини унутмаслигимиз керак.

Соҳага замонавий ёндашувлар кириб келаётганидан хабарингиз бор. Жумладан, 1 декабрга қадар 7382 та истеъмол нуқтасига “Ақлли газ ҳисоблагичлар” ўрнатилди. Ушбу мақсад учун 8 та бригада жалб этилган бўлиб, 3 та махсус автотранспорт воситалари ажратилган. Демоқчимизки, ушбу ишлар ҳам тез орада якунига етказилади.

Аҳолимизнинг асосий қисми суюлтирилган газ истеъмолчилари экани сир эмас. Тан олиш керак, август-сентябрь ойлари давомида газ баллонларини тўлдирилганига алмаштириб бериш графигида жиддий узилишлар мавжуд эди. МФЙлар кесимида навбатма-навбат етказиб бериш тизими тартибга солиниши билан бу борадаги муаммоларимиз ҳам камаймоқда. Аммо ҳали камчиликларимиз мавжуд ва уларни бартараф этишдан тўхтамаймиз.

Куз-қиш мавсумида оғриқли муаммога айланадиган яна бир соҳа электр таъминоти билан боғлиқ.

Туман аҳолиси ва ишлаб чиқариш корхоналарини электр энергияси билан таъминлаш учун 4 та НИМ-станцияси ишлаб турибди. Улардан 41 дона фидер орқали тарқалувчи 619 та трансформатор пунктлари ва 1340 километр ҳаво тармоқлари воситасида истемолчиларига энергия етказиб берилади.

2020 йил давомида 38 та трансформатор пункти ва 162 километр ҳаво линялари мукаммал таъмирланди. Ушбу ишлар келгуси йилда ҳам давом этади. Жумладан, “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги Президент қарори асосан, 13 дона қўшимча янги трансформатор пунклари ўрнатиш, 32 километр электр узатувчи тармоқни реконструкция ва янгилаш режалаштирилган.

Бугунги кунгача ушбу қарор доирасида 15 та трансформатор, 23,5 километр электр линияси янгиланди, 522 дона яроқсиз симёғочлар ўрнига темир бетон устунлар ўрнатилди.

Ҳурматли жомбойликлар!

Азиз юртдошлар!

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтмоқчиманки, Янги йил байрамини ва умуман, қиш-баҳор ойларини кўнгилдагидек ўтказиш учун барча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун туман раҳбари сифатида зарур чора-тадбирларни кўришга ваъда бераман.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор байрам билан барчангизни қутлайман. Сиҳат-саломатлик, чексиз куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар кириб келаётган йилда ҳам ҳамроҳингиз бўлсин.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

2015-2021 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM