Ҳамширалар иши қониқарлими?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Деҳқонобод маҳалласига соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари келиб, патронаж ҳамшираси охирги марта қачон келгани ҳақида аҳолидан сўраб-суриштирди. Эътибрлиси, биринчи дуч келган хонадон – Бердиёровлар оиласи саволга тутилиб қолмади. Ҳамшира қачон келганию, қандай тиббий амалларни бажарганигача айтиб беришди.

Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан аҳолининг атнропометрик текширувлари олиб борилмоқда. Ижтимоий муаммоларни ўрганиш нечоғлик муҳим бўлса, бу ҳам шундай аҳамиятга молик жараён. Вазирлик ходимлари келиб, туман, маҳалла даражасида назорат ўтказаётгани бежиз эмас.

– Инсоннинг тана вазни, бўй ўлчови, таомланиши каби маълумотлар, оддий кўринса-да, жуда кўп таҳлилларга, соғломлаштириш йўналишини белгилашга хизмат қилувчи ахборотдир, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. – Шунинг учун мазкур хатловни амалга оширишда масъулият билан ишлаш талаб этилмоқда. Тиббий ходимлар учун ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Шунингдек, хонадонларга кириб, кўрик амалга оширилган оила аъзолари билан суҳбат, кўрсаткичларни қайта текшириш тадбирлари ташкил этиляпти.

– Туманимизда 9 та оилавий шифокор пункти ҳамда 3 та оилавий ва битта марказий поликлиника фаолият юритади, – дейди туман марказий поликникаси мудири Саъдулла Бердиқулов. – Аҳолини тўлиқ текширувдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозирга қадар 20 фоиз аҳоли кўрикдан ўтди. Кейинги йилларда юрак-қон томир, қандли диабет касалликлари сони ошиб кетгани сир эмас. Қолаверса, ортиқча вазн ҳам муаммога айланган. Ушбу текширувлар натижаси мамлакат миқёсида умумлашгач, таҳлил қилинади. Хасталикларнинг олдини олишга эътибор қаратилади.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM