Саккиз ойлик гўдак мусибати

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Икром Маликани ўлдириб қўйганмиш...

Бу хабардан Ширинкент маҳалласи бир қалқиб тушди. Турмуш қурганига ҳали икки йил тўлмаган, яқинда ширингина қизалоқли бўлган ёш оила нега бундай қисматга дучор бўлди? Онаси қурбон бўлган, отаси узоқ йилга “кесиладиган” гўдакнинг тақдири нима бўлади энди? Бугун кўпчиликнинг дилида шу ўй кечмоқда.

Аслида ҳаммаси бирдан юз бермаганди.

Аввалига тинч-тотув яшаган оила бир неча кундан бери муроса қилолмай қолишди. Ўртада қайнона-келин можароси. Икромнинг боши қотди. Хотинининг ялқов, эпсизлигидан шикоят қилаётган онасини деса, бир ёқда оиласи, фарзанди бор. Хотини ҳам қайнонаси зулм қилаётганидан шикоят қилишини қўймайди.

Ўша куни эрталаб қайнона-келин ўртасидаги даҳанаки жанжал ёқалашишгача бориб етди. Икром маҳалла раисига қўнғироқ қилди. Вазиятни тушунтириб, ёрдам, маслаҳат сўради.

Ўрни келганда айтиш жоиз, маҳаллага икки ой аввал янги раис сайланган, у киши ҳали аҳоли кайфияти, муаммоларини тўлиқ қамраб оломаганди. Аксига олиб, профилактика инспектори ҳам меҳнат таътилида экан. Шундай бўлса-да, раис хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси билан етиб келди.

Қайнонани инсофга, келинни тартибга чақиришди. Ҳовур босилгандек бўлди. Малика қайнонасидан тил учида бўлса ҳам узр сўради. Шу вақтнинг ўзида уй ишларига уннаб кетди.

Ҳамма тарқалди. Икром саккиз ойлик қизалоғини кўтариб, келганларни кўча бошигача кузатиб қўйди.

Кун қиёмдан оғиб, шом чўка бошлаган палла нохуш хабар тарқалди: “Икром Маликани ўлдириб қўйганмиш”.

Маълум бўлишича, маҳалла вакиллари кетгач, қайнона-келин яна арзимас сабаб билан сен-менга борган. Кўнгли бироз ёришиб уйига қайтган Икром яна дилсиёҳлик устидан чиққач, кўзи қонга тўлган. Хотинига бир тарсаки тортган. Бунга жавобан Малика шу атрофда ётган кетмонга ёпишган. Шу меҳнат қуроли қўлидан тортиб олиниб, ҳаётига нуқта қўйишини қаёқдан билсин?..

Юз берган мудҳиш жиноят маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилди. Вилоят ва туман ички ишлар тизими раҳбарлари, прокуратура вакиллари қатнашган тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров сўзга чиқди. Халқимизга хос бирдамлик, бир-бирининг ҳолидан бохабар бўлиш хислатлари йўқолиб бораётгани, жамоатчилик назорати тушунчасини аксарият фаоллар тушуниб етмаётганини танқид қилди. Юз берган фожеада барчанинг бирдай айби борлигини таъкидлади.

Маҳалла фахрийлари, нуронийлар, фаолларга сўз берилди. Келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Аммо...

Энди ҳеч нарса гўдаклигидаёқ бошига оғир мусибат тушган қизалоқнинг бахтсизлигини аритолмайди. Бундан хулоса қилиш, лоқайдликка чек қўйиш барчамизнинг бурчимиздир.

 

(Исмлар ўзгартириб берилди)

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM