Замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда очиқ танловлар асосида давлат харидларини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг

буйруғи

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 26 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3016]

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига асосан буюраман:

1. Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Директор Ш. САДИКОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 15 май,

185-сон

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 15 майдаги 185-сон буйруғига
ИЛОВА

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

аванс тўлови — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат буюртмачиси ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан киритиладиган, операторнинг воситачилик йиғимини ва томонларнинг закалатини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;

давлат буюртмачиси (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) — давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс;

давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

ягона етказиб берувчи — табиий монополия субъекти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонларида, қарорларида ва фармойишларида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, бозорда муқобиллари мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи;

танлов — шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга оширишнинг тури;

танлов таклифи — танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ иштирокчининг танлов предметига нисбатан тақдим этиладиган таклифи;

лот — турли белгилари бўйича гуруҳлаштирилган (фойдаланиш, техник ва функционал хусусиятларига кўра) бир хил турдаги товарларнинг жамланмаси сифатида буюртмачи томонидан белгиланган ва алоҳида шартнома бўйича харид предметининг миқдорий қисми;

таклифни таъминлаш — буюртмачининг талабига биноан иштирокчи томонидан таклифлар ва мажбуриятларнинг гаров, кафолат, закалат тарзида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши;

шахсий кабинет — электрон давлат харидларида иштирок этишни ҳамда зарур ахборотни жойлаштиришни ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган, буюртмачи ёки харид қилиш тартиб-таомили иштирокчисининг махсус ахборот порталдаги индивидуал саҳифаси;

режа-жадвал — товарлар (ишлар, хизматлар) харидининг ҳажмлари ва жойлаштириш муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;

давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартнома — махсус ахборот порталида рўйхатга қўйилиши шарт бўлган, давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;

қадам ўлчови — нархни пасайтириш учун аукционнинг бошланғич нархини ёки олдинги иштирокчи нархининг фоиз билан белгиланадиган камайтириш пул миқдори;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) — аванс тўловларини депонентлаш ва уларни ҳисобга олиш йўли билан шартномалар бўйича мажбуриятларни бажара оладиган иштирокчиларни электрон харидларга киришини таъминловчи махсус ахборот порталининг таркибий бўлинмаси;

ягона етказиб берувчилар реестри — ваколатли орган билан келишилган ҳолда махсус ахборот портали оператори томонидан юритиладиган ахборот ресурси;

захира ижрочиси — тегишли харид комиссиясининг қарори билан танлов ёки тендер ғолибидан сўнг танлов ёки тендер таклифи энг яхши деб топилган танлов ёки тендер иштирокчиси;

махсус ахборот портали (бундан буён матнда портал деб юритилади) — операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;

табиий монополия субъекти — табиий монополия шароитларида товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва/ёки реализация қилиш билан банд бўлган хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс);

тендер таклифи — тендер ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тендер предметига нисбатан иштирокчининг таклифи;

давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги;

электрон тизим — барча манфаатдор шахслар фойдалана оладиган, харидларни ўтказишни таъминловчи дастурий-техник комплексидан фойдаланган ҳолда харидлар жараёнлари иштирокчилари ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар) хариди учун буюртмаларни жойлаш тизими;

электрон давлат харидлари — электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион каби махсус ахборот порталининг дастурий-техник комплекси орқали ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат харидларини амалга ошириш усуллари.

2. Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

электрон дўкон;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;

танлов;

тендер;

ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

3. Харидларга тайёргарлик ўз ичига қуйидагиларни олади:

порталда харидларнинг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини жойлаштириш;

порталда харидлар ўтказилиши ҳақидаги эълонларни жойлаштириш;

буюртмачилар ва харид жараёнлари иштирокчилари (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) томонидан харидларда уларнинг иштирокини таъминловчи аванс тўловларини киритиш.

4. Порталда жойлаштириладиган режа-жадвал қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

харид предмети;

харид ўтказиладиган ой;

буюртмачининг номи ва манзили;

харид предметини молиялаштириш манбалари;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш жойи (манзили), муддатлари ва шартлари.

2-боб. Электрон давлат харидлари

1-§. Электрон давлат харидларини ўтказишнинг умумий шартлари

5. Буюртмачи ва иштирокчилар ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларига аванс тўловларини киритганларидан сўнг электрон давлат харидларига (бундан буён матнда электрон харидлар деб юритилади) қўйилади.

6. Буюртмачи ва иштирокчилар электрон харидлардаги иштирокларини электрон рақамли имзоларидан (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) фойдаланган ҳолда амалга оширади. Буюртмачи ва иштирокчи томонидан ЭРИдан фойдаланиш, электрон тизимда тузиладиган шартномаларни ҳақиқий деб топиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

7. Буюртмачи ва иштирокчи томонидан киритилган закалат шартнома мажбурияти бажариладиган вақтга қадар ёки шартнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар хатлаб қўйилади, бундан 8-бандда белгиланган ҳоллар мустасно.

8. Иштирокчиларнинг закалати бошқа иштирокчилар томонидан пастроқ нархдаги таклиф берилгунга қадар хатланади.

9. Электрон харидлар электрон дўконда ва/ёки электрон аукционда амалга оширилади.

10. Буюртмачи рўйхатга кирмаган товарларни (ишларни, хизматларни) электрон харидлар воситасида харид қилиши мумкин.

11. Оператор томонидан буюртмачи ва иштирокчилардан ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

12. Операторнинг электрон тизими автоматик режимда қуйидагиларни амалга оширади:

киритилган аванс суммасига мувофиқ ҳар бир лот бўйича электрон харидлардан фойдаланиш;

электрон харидларни ўтказиш;

электрон харидлар натижаси бўйича иштирокчиларни аниқлаш;

битимни рўйхатга олиш ва шартномани шакллантириш.

2-§. Электрон дўкондан фойдаланиш

13. Электрон дўкон иштирокчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Иштирокчининг электрон дўконга қўйилган таклифи буюртмачиларга юборилган оммавий офертадир.

14. Қонуннинг 43-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ электрон дўконда қуйидаги давлат харидлари амалга оширилиши мумкин:

бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган, бироқ бир йилда бир буюртмачи учун энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз баравари миқдордаги суммадан кўп бўлмаган товарлар;

бир буюртмачи учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан ошмайдиган миқдордаги ишлар, хизматлар.

15. Иштирокчи электрон дўконга жойлаштирилган ўз таклифида қуйидагиларни кўрсатади:

таклиф этилаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) номи;

сотиш нархи;

товарнинг энг кўп ва энг кам тўпи;

товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);

товарнинг фотосурати;

товар етказиб бериладиган (иш бажариладиган, хизмат кўрсатиладиган) ҳудуд;

товарни ишлаб чиқарувчи ва товар келиб чиққан мамлакат тўғрисидаги ахборот;

кафолат шартлари ва муддати тўғрисидаги ахборот;

товар ишлаб чиқарилган йил;

товарнинг яроқлилик муддати;

ишни бажариш, хизматни кўрсатиш муддати;

зарур бўлганда, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.

16. Иштирокчи электрон дўконда жойлаштирилган ахборотнинг ишончлилиги бўйича тўлиқ жавобгар бўлади.

17. Иштирокчининг офертаси у электрон дўконга жойлаштирилган пайтдан бошлаб ўн беш календарь кун мобайнида амал қилади. Ушбу муддат тугаганидан сўнг иштирокчи уни яна ўн беш календарь кунга активлаштириши мумкин.

18. Оферта буюртмачи томонидан акцептлангунга қадар иштирокчи офертани ҳар қандай муддатда чақириб олиши ёки унга тузатишлар киритишга ҳақли.

19. Буюртмачи электрон дўконда иштирокчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни (ишни, хизматни) танлайди ва товар (иш, хизмат) танлангач, харажатлар моддасини белгилаган ҳолда нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.

20. Портал автоматик режимда, нархлар сўрови механизмини амалга оширган ҳолда электрон дўконда ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлашга мажбур.

21. Нархлар сўрови механизми, буюртмачига ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган иштирокчилардан пастроқ нархни сўраш имкониятини тақдим этадиган электрон тизимнинг функциясидан иборат .

22. Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф портал томонидан юборилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ўз таклифларини беришга ҳақли.

23. Иштирокчиларнинг манзилига юборилаётган нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф буюртмачи томонидан танланган иштирокчининг офертасига ҳаволани ўз ичига олади.

Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш ҳақидаги таклифни олган вақтдан бошлаб буюртмачи томонидан танланган оферта нархидан пастроқ нарх бўйича таклиф киритишга ҳақли.

24. Буюртмачи ва иштирокчилар харидларни электрон дўконда тартиб-таомили орқали амалга оширишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига иштирокчи оферта қийматининг 3 фоизи миқдоридаги закалатни жойлаштиради.

25. Агар нарх сўрови мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх буюртмачи томонидан танланган нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи буюртмачи томонидан танланган офертанинг нархи ва ўзи томонидан таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт.

Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.

26. Иштирокчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш портал томонидан автоматик режимда амалга оширилади.

27. Иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлардан буюртмачи ёки иштирокчилар якуний натижалар эълон қилингунига қадар фойдалана олмайди. Ижрочининг номи ва унинг таклиф қилган нархи ғолиб аниқланган пайтда порталда акс эттирилади.

28. Портал шартномани буюртмачи томонидан танланган иштирокчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантиради.

29. Портал тузилган битимни рўйхатга олади, буюртмачи ва иштирокчининг шахсий ҳисобварағидан операторнинг воситачилик ҳақини ечиб олади. Битимни рўйхатга олиш электрон тизим томонидан шартномани шакллантириш ва унга ўзига хос рақам бериш билан амалга оширилади.

30. Порталда рўйхатдан ўтказилган иштирокчиларнинг ҳеч бири дастлабки таклифдан пастроқ нархни таклиф қилмаса, портал буюртмачи ва ижрочи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.

31. Харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра электрон дўконда товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, буюртмачи мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан шартнома тузиш орқали тўғридан-тўғри харидни амалга оширишга ҳақли. Бунда ушбу Низомнинг 14-бандида белгиланган давлат харидларининг суммаларга оид мезонлари амал қилади.

32. Тўғридан-тўғри харид натижасида тузилган шартнома у тузилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай порталга жойлаштирилиши лозим. Тўғридан-тўғри харид учун жавобгарлик буюртмачининг зиммасида бўлади.

3-§. Аукцион ўтказиш

33. Қонуннинг 46-моддасига асосан аукцион воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг стандарт хусусиятларга эга бўлиши;

товарнинг техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини баҳолаш ҳамда таққослаш заруратининг мавжуд эмаслиги;

хизматларнинг, ишларнинг давлат хариди объекти бўлмаслиги;

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан кам бўлиши. Бюджет буюртмачилари учун аукциондаги давлат харидлари бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак.

34. Буюртмачи аукцион ўтказиш ҳақида харидлар режа-жадвалига мувофиқ порталга эълон жойлаштиради.

Буюртмачилар ва иштирокчилар томонидан аукционда иштирок этишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобрақамларига аукционнинг бошланғич нархдан 3 фоиз миқдорида закалат маблағи ўтказилади.

35. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон аукцион ғолибини аниқлангунга қадар камида ўн кун аввал жойлаштирилиши керак.

36. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

буюртмачининг номи ва манзили;

аукционнинг биринчи ва охирги куни (аукцион ўтказиладиган давр);

аукцион предметининг бошланғич нархи;

аукцион предметининг хусусиятлари (аукцион предметининг таснифи);

аукцион предметини лотлар бўйича бўлиб чиқиш ва ҳар бир лотнинг ҳажми;

товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

товарлар етказиб бериладиган жой (манзил);

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида талаб (зарур бўлганда);

товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи алоҳида шартлар.

37. Аукцион буюртмачининг эълонида баён этилган талабларни инобатга олган ҳолда ўтказилади.

38. Агар буюртмачининг эълонида бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, иштирокчи янги товарни етказиб бериши шарт.

39. Аукцион электрон тизимда бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан ўтказилади. Қадам ўлчови оператор томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгиланади, лекин иштирокчи томонидан киритиладиган закалат миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

40. Бюджет буюртмачисининг эълони буюртмачи томонидан эълон жойлаштирилган вақтдан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг пул маблағлари мавжудлиги ҳақидаги тасдиғи олингандан сўнг активлаштирилади ва иштирокчиларнинг таклифларини қабул қилиш бошланади.

41. Агар таклиф нархи буюртмачи томонидан берилган бошланғич нархдан паст ва/ёки бошқа иштирокчининг таклиф қилган нархидан паст бўлса, портал иштирокчиларнинг таклифларини қабул қилишни таъминлайди.

Аукционни ўтказиш чоғида иштирокчилар аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилган кундан эътиборан ва у тамом бўладиган пайтга қадар бутун муддат ичида нарх бўйича таклифларни чекланмаган миқдорда беришга ҳақли.

Аукцион уни ўтказиш ҳақидаги эълонда кўрсатилган муддатда (сана ва вақт), бироқ охирги таклиф келиб тушган вақтдан сўнг беш минутдан кам бўлмаган вақтда тугаган деб ҳисобланади.

Мазкур вақт ичида янги таклиф берилган тақдирда, иштирокчилардан таклифларни қабул қилиш муддати охирги таклиф олингандан сўнг яна беш минутга узайтирилади.

Бунда, аукционнинг тугаш муддати операторнинг иш куни ва иш вақтига тўғри келиши лозим.

Иштирокчиларнинг номи ва улар билан боғланишга доир маълумотлар аукцион ғолиби аниқланмагунига қадар порталда акс эттирилмайди.

Агар аукцион мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх бошланғич нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи бошланғич нарх ва ўзи томонидан таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт.

Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.

42. Аукцион тугайдиган вақт келганда портал аукцион ўтказилган вақт давомида берилган таклифлар орасида энг паст нархни таклиф қилган таклифни автоматик равишда аниқлаб олади. Энг паст нарх кўрсатилган таклифни берган иштирокчи аукцион ғолиби сифатида портал томонидан саралаб олинади. Ижрочининг номи порталда акс эттирилиб, ушбу тизим тузилган битимни автоматик равишда қайд этади ва буюртмачининг буюртманомасида баён этилган шартларга мувофиқ шартномани шакллантиради.

43. Агар аукционда бир нафар иштирокчи иштирок этган бўлса ёки ҳеч ким иштирок этмаган бўлса, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолиб аниқланмайди, буюртмачи аукционни беш кунга узайтиради. Аукционни узайтириш аввалги аукцион тамом бўлган пайтдан эътиборан уч кун ичида буюртмачи томонидан амалга оширилади. Аукционни узайтиришда буюртмачи бошланғич нархни, техник талабларни, хусусиятларни ёки техник топшириқни қайта кўриб чиқишга ҳақли.

44. Агар қайта аукцион таклифлар мавжуд эмаслиги сабабли ўтказилмаган деб топилган бўлса, буюртмачи Қонуннинг 48-моддасида назарда тутилган тартиб-таомил бўйича танлов ўтказишга ҳақли.

3-боб. Танлов ўтказиш тартиб-таомиллари

1-§. Танлов воситасида харидларни ўтказиш шартлари ва тартиби

45. Танлов воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил ва аниқ таърифини таърифлаш имконияти мавжуд;

ғолибни аниқлаш мезонлари товар (иш, хизмат) давлат харидининг нафақат пул ифодасига, балки миқдорий ва сифат баҳосига ҳам эга бўлади.

Корпоратив буюртмачилар томонидан қуйидаги ҳолларда танлов орқали харидлар амалга оширилади:

товар қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни;

хизматларнинг, ишларнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этганда.

46. Бюджет буюртмачилари томонидан қуйидаги ҳолларда танлов орқали харидлар амалга оширилади:

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни;

ишларнинг, хизматларнинг қиймати энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этганда.

47. Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан ошган ҳолларда танлов бўйича техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) билан келишиб олиниши лозим.

48. Агар инвестиция лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари билан буюртмачиларга тендерни ўтказмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомили давлат харидининг суммасидан қатъи назар танлов ўтказиш орқали амалга оширилади. Бунда танлов ҳақидаги эълон буюртмачи томонидан таклифларни қабул қилиш муддати тугагунига қадар камида ўн кун олдин порталда жойлаштирилади.

2-§. Танлов ўтказишда харид комиссияси фаолиятини тартибга солиш

49. Буюртмачи танловни ўтказиш учун тоқ сонли аъзолардан (камида бешта кишидан) иборат харид комиссиясини (бундан буён матнда танлов комиссияси деб юритилади) тузади.

50. Танлов комиссияси аъзоларининг таркиби ва сони олинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзгариши мумкин.

51. Харид қилиш хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси буюртмачининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.

52. Харид қилиш лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда танлов комиссияси вазифаларини белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.

53. Қиймати энг кам иш ҳақининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда танлов комиссияси таркибига буюртмачининг вакилларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзинжиниринг» республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилади.

54. Танлов комиссияси буюртмачининг тегишли қарори билан тузилади ва тарқатиб юборилади.

55. Танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.

3-§. Танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва танлов ўтказилиши ҳақида эълон бериш

56. Буюртмачи томонидан танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг буюртмачининг мутахассислари ёки танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун масъул шахс томонидан танлов ҳужжатларининг, шартнома ва танлов ўтказиш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилади.

57. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

танлов ўтказиладиган жой манзили;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг Ф.И.О., лавозими ва манзили;

танлов ҳужжатлари қоидаларини изоҳлаш учун сўров бериш шакли;

таклифларни бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

танлов таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.

58. Танлов ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

танловда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тайёрланиши кераклиги бўйича талаб;

танлов иштирокчиларига танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

агар товарнинг (ишнинг, хизматнинг) муқобил вариантларига йўл қўйилса, лотни алмаштириш бўйича муқобил таклифларни баҳолаш тартибининг тавсифи;

техник топшириқ;

Қонунга мувофиқ иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.

59. Танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳа