Жомбой "ёмбиси"

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

"Зарафшон" миллий табиат боғида улкан чакандазор ҳосилга кирди. Унинг тарқалиш географияси кенг. Аммо асосий генофонди, бой бутазорлари айнан Зарафшон дарёсининг ўрта оқимида, Жомбой ҳудудида сақланиб қолган.

Ўн саккиз хил дарднинг давоси энди фанга маълум

Чаканда ноёб поливитамин ўсимлик ҳисобланиб, таркибида 15 дан ортиқ биологик фаол моддалар сақлайди. Ўсимликдан дунё миқёсида қимматбаҳо мой олинади. Дунё фармацевтика саноатида эса "Олазоль", "Гипозоль" ва "Облекол" дори воситалари тайёрланмоқда.

Чаканда халқ табобатида қадимдан ишлатиб келинган. Тибетликлар ўпкадан қон келишини тўхтатувчи малҳам сифатида қўллайди. Ёғочидаги ўзак қисми қонни қуюқлаштиради. Кўкйўтал ва иситмани туширади. Кули эса ингичка ичакдаги оғриқларни камайтириш хусусиятига эга. Меваси ва барги ошқозон, ревматизм касалликларини даволайди. Чунки унинг таркибида пектин ва ошловчи моддалар, органик кислота, флавоноид, никотин ва фоли кислотаси, макро ва микроэлементлар (темир, бор, рух, мис, марганец, калий, кальций), қанд миқдори ва ўсимлик антибиотигининг бир неча тури мавжуд.

Ўсимлик меваси август-сентябрь ойида тўлиқ пишиб етилади. У иссиқсевар бўлса-да, қиш совуқларидан асло зарар кўрмайди. Шўр ерларда ҳам ўсаверади. Ҳатто тез оқувчи тошқин сувлар остида 10-15 кундан 100-120 кунгача қолиб кетса ҳам ўсишни тўхтатмайди.

Қимматбаҳо косметик восита

Парфюмерия саноатида чакандадан шампунь, косметик крем, терини тозаловчи лосьон, сочлар учун бўёқлар олинади. Бундай косметик воситалар тери грануляциясини тезлаштиради. Дамламаси соч тўкилишининг олдини олади.

Янги узилган мевасидан мураббо, сироп, жем, пюре, шарбат тайёрлаш мумкин. Уй шароитида мой олса ҳам бўлади.

Ерни эрозиядан асрайди

Чорвачилик ва қоракўлчилик ривожи учун ҳам фойдали. Чаканда новдаси билан боқилган қўй-қўзиларда жун ўсиши тезлашиб, майин ва ялтироқ шаклга келади. Барги билан терини ошлаш ва бўяш жуда қулай. Мевасидан сифатли сариқ ранг, ёш новдаси ва баргидан эса қора бўёқ тайёрланади. Қадимда бу ранглардан жун матоларни бўяшда фойдаланганлар.

Ўсимлик ўрмон хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга. Тупроқ эрозиясига қарши курашиш ва тоғ-кон саноатида таназзулга юз тутган ерларни рекультивация қилишда унга тенг келадиган ўсимликни топиш мушкул.

Ҳашаротлар еб битираётган "ёмби"

Фанда қайд этилишича, ўсимликни зарарловчи 50 дан ортиқ ҳашарот, қуш ва бошқа жонзот турлари маълум. Энг хавфлиси, чаканда пашшаси ва туркистон оргиясидир. Улар июнь-июль ойларида учиб чиқади ва мева шираси билан озиқланади. 50 кунгача умр кўради.

Туркистон оргияси жуда очкўз ҳашарот. Битта баргни танаффуссиз еб битириши мумкин. Агар уларнинг сони 5-6 тага етса, новда бирпасда яланғочланиб қолади.

Қишда ҳам мева берувчи дарахт

Чаканда Евроосиё континенти флорасига жуда яқин ўсимлик. Англия, Европа ва Осиё мамлакатларида кенг тарқалган. Саноатбоп маҳсулот етиштиришда Мўғулистон, Хитой, Туркия, Эрон ва Афғонистон давлатлари етакчи ўринда туради.

Табиий чакандазор миллий табиат боғининг "олтин ёмбиси". Қишда ҳам тўкилиб кетмайдиган мевалар жониворлар учун тўйимли озуқа. Сершоҳ дарахтлар тилларанг қирғовулнинг севимли макони. Шу сабабли ҳар йили дарё ва кўл қирғоқларидаги кўплаб қушлар озуқа захирасидан қийналмайди. Қаҳратондан омон қолади.

Айни вақтда чакандани маданийлаштириш, саноатбоп турларини етиштириш устида изланиш бошлаб юборилган. Бу ишларнинг халқаро миқёсда, айнан Жомбой шароитида синовдан ўтказилаётгани ҳам қувонарли.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM