Келдиёр Исроилов вафот этди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Давлат ва жамоат арбоби, таниқли ижодкор Келдиёр Исроилов вафот этди.

Келдиёр Исроилов 1953 йилда Жомбой туманининг Тепали қишлоғида таваллуд топган. Меҳнат фаолиятини туман суғурта идорасида назоратчиликдан бошлади. Тошкент халқ хўжалик институтида таҳсил олди.

Ўқишни тамомлагач, давлат суғурта идорасининг туман бўлими, вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилди. Бир муддат вилоят молия бошқармаси, кейинчалик туман бўлимига раҳбар этиб тайинланди.

К.Исроилов Олий Мажлис депутати сифатида ҳам самарали фаолият юритди. Давлат ва жамият қурилишида муносиб иштирок этди. 1991 йилдан 2000 йилгача туман ҳокими бўлиб ишлади. Қарийб ўн йиллик фаолияти давомида туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширди.

Вилоят “Мевасабзовот” бирлашмаси раиси бўлиб ишлаган кезлари, соҳа ривожига ҳисса қўшди.

Фидойи, жонкуяр раҳбарнинг самарали меҳнати мамлакат миқёсида ҳам эътироф этилган. Давлатимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени ва қатор медаллар билан тақдирланган эди.

Сиёсий-ижтимоий ҳаётда фаоллиги билан ибрат кўрсатди. Малакали кадрлар тайёрлади. Шогирдлари бугун ҳам халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилмоқда.

К.Исроилов санъат, адабиёт ихлосманди эди. Ўнга яқин шеърий тўпламлари нашр этилган.

Фидойи арбоб, самимий инсон К.Исроиловнинг хотираси қалбимизда доим сақланиб қолади.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM