Жомбойлик ёш қутқарувчилар вилоятга боради

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ёшлар иттифоқи туман кенгашида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш мақсадида "Мустаҳкам оила барпо этамиз" шиори билан давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда вилоят кенгашининг ёш оилалар билан ишлаш бўлими мутахассиси Н.Муродов, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Б.Фармонов, Самарқанд давлат университетининг психология кафедраси катта-ўқитувчиси А.Баҳромова ҳамда тиббиёт, диний идора вакиллари қатнашди.

Давра суҳбати давомида ёш оилаларда юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар, руҳий зўриқишлар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

***

Ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрийлар – Нурилло Исмоилов ҳамда Алибобо Мардиев хонадонида бўлишди. Нуронийлар ёшларга ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Фахрийларга туман кенгаши эсдалик совғалари топширилди.

***

Самарқанд ёшлар марказида "Энг намунали сардорлар кенгаши" кўрик-танлови ўтказилди. Ташкилот самарадорлигини ошириш, ўқувчи-ёшларнинг ўзаро дўстлиги, тажриба алмашишини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда вилоятимизнинг барча туманларидан 16 жамоа қатнашди.

Туманимиз номидан иштирок этган 28-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиларидан иборат "Зиё" жамоаси 2-ўринни эгаллади. 

***

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаро муҳофазасига оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, қутқарувчиликдай олижаноб касбга меҳр уйғотиш мақсадида "Ёш қутқарувчи" мусобақасининг туман босқичи ўтказилди. Тадбирда туманимизда фаолият кўрсатаётган еттита касб-ҳунар коллежи ўқувчилари беллашди.

– Етмиш нафар ёшлар ўз маҳоратларини намойиш этиш имконига эга бўлди, – дейди Жомбой маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Д.Нурматов. – Коллежимизнинг "Сардор" жамоаси мазкур мусобақада муносиб иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади. Ўйлаймизки, вилоят босқичида ҳам яхши натижа қайд этишади.

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM