ҲОКИМДАН ЁРДАМ СЎРАГАН МУРОЖААТЧИ ҲАҚ ЭДИМИ?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

– Ҳоким бува, ҳовлимиз ичида трансформатор жойлашиб қолган. Бошқа жойга кўчириб беришларини сўраб “электросет”га борсак, кўнишмади. Болаларимиз ҳаёти хавф остида қолмасин, ёрдам қилинг.

Тут маҳалласида ўтган сайёр қабулда фуқаролардан бири шундай мазмунда мурожаат қилди. Бир қарашда ўша фуқаронинг мурожаати ўринли, туман электр тармоқлари корхонаси совуққонлик қилгандай туюлади. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор-да. 

– Трансформатор қачон ўрнатилган? – ҳокимнинг саволидан мурожаатчи ўйланиб қолди.

– Билмасам, эллик йил бўлгандир...

– Сиз қачондан бери яшайсиз ўша ҳовлида? Умуман, эллик йил аввал трансформаторни айнан сизнинг ҳовлингизга ўрнатиб кетишганми?

– ...

Мантиқ қаёққа қараб бораётганини англагандирсиз. Гап шундаки, ҳар қандай трансформатор (симёғоч, газ тақсимлаш қурилмаси) атрофида ҳимоя ҳудуди назарда тутилган бўлади. Афсуски, “бир қарич ҳам ҳарна” қабилида ўша чегарани бузиб, хатарли майдонни эгаллаб оламиз. Оқибатда трансформатор ҳовлимиз ичида “жойлашиб қолади”. 

Қоидага кўра, ноқонуний эгалланган бундай майдонлар фуқародан олиб қўйилиши, агар устида иморат қурилган бўлса, буздириб ташланиши керак. Аммо сайёр қабулларда бу каби муаммодан “азият чекканлар” кўпчиликни ташкил қиляпти. Яхши раҳбар эса муаммога оқилона ечим топа билиши керак.

Инчунун, муаммони бартараф этишда фуқаро фойдасига ҳал қилишнинг қонуний чораси кўриладиган бўлди.

– Албатта, бутун диққат-эътиборимиз фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган, – деди У.Назаров. – Аммо бунинг натижасида қонун-қоидалар бузилмаслиги керак. Афсуски, аҳолига шуни тушунтириш қийин кечмоқда. Боболаримиз айтганидай, ҳар ким жиловни ўз томонига тортса, манзилга қачон етамиз?

Сайёр қабул давомида йўл қурилиши ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар тушди. Туғма ногиронлиги бўлган уч нафар фуқарога эшитиш мосламаси ва ногиронлик аравачаси ажратилиши белгиланди.

 

2015-2019 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM