Жомбой суви қадоқланади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Мамлакатимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бежиз эмас. Агар уларга имкон берилса, ўз ғояси, замонавий лойиҳалари билан халқ дастурхонини тўлдиради. Ўзи ва қўл остидаги ишчиларининг рўзғорини обод қилади. 

Яқинда ана шундай ишбилармонлар бири Асадулло Бекматов туман ҳокимига мурожаат билан келди. 

– Жомбой тумани иқлими билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради, – дейди А.Бекматов. – Тупроғи унумдор, суви шифобахш экани учун сўнгги вақтларда экотурзм тармоғи ҳам ривожланяпти. Шу жараёнда Жомбой сувининг минерал таркиби ва шифобахшлик даражасини аниқлаш ғояси туғилди. Агар натижа кўнгилдагидек бўлса, сув қадоқлаш цехи ташкил этиш, бундан юқори даромад олиш ҳам мумкин бўлади. Шу мақсадда Бешбола маҳалласи ҳудудидан олинган намуналарни давлат санитария-эпидемиология назорат марказига юбордик. Лаборатор текширувлар ижобий натижа берди. 

Шундан сўнг тадбиркор ишга киришади. 100 миллион сўмлик банк кредити асосида Хитой халқ республикасидан қадоқлаш ускуналари келтиради.

– Икки ҳафта аввал маҳсулотимизнинг илк намунасини ишлаб чиқардик, – дейди А.Бекматов. – Фақат корхонамизнинг расмий манзили масаласи муаммо бўляпти. Сабаби, кредит олишда Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказган эдик. Аммо ишлаб чиқариш дастгоҳлари Жомбой туманида жойлашган. 

Тадбиркор мурожаати бўйича туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев мутасаддилар иштирокида Бешбола маҳалласига, Бекматовлар оиласи ташкил этган ишлаб чиқариш цехига борди.

Тадбиркорнинг муаммоси қисқа фурсатда ҳал этиладиган бўлди. Демак, яқинда Жомбой минерал сувлари ҳам миллий бозоримизга чиқарилади. Тадбиркор келгусида фаолиятини кенгайтиришни ҳам режалаштирган. Сув қадоқлаш цехининг ўзида 8-10 нафар ходим доимий иш билан банд бўлади.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM