Тадбиркор талаби қонунийми?

Аҳоли мурожаатларини ўрганиш, қонун доирасида ижобий ҳал этиш бугунги кун раҳбарларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Аммо фуқароларимизда ҳам мурожаат маданияти шаклланган бўлиши мақсадга мувофиқ. Олайлик, ноқонуний талаб асосига қурилган шикоятни қаноатлантириш имконсиз.

Қуйида шунга ўхшаш ҳолат ҳақида тўхталмоқчимиз.

Наймантепа маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Абдуллаева бир неча ой аввал туман ҳокимига мурожаат қилганди. У Наймантепа маҳалласида истиқомат қилувчи Ш.Бердиқулов 0,17 гектар майдонда ноқонуний уй қуриб, яшаб келаётганини айтади. Ҳужжатлар ўрганилганда иш судгача бориб етгани, бир неча инстанцияларда кўрилгани аниқланган. Хусусан, 2016 йил 9 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, Наймантепа қишлоғидаги 0,17 гектар майдонда қурилган уй-жойга нисбатан Ш.Бердиқуловга эгалик ҳуқуқини белгилаш Жомбой туман ҳокимлиги зиммасига юклатилган. Шунга асосан, 2016 йил 10 декабрда 2315-Қ-сонли туман ҳокими қарори қабул қилинган.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Х.Абдуллаева тадбиркор. Низоли жойда ҳам тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида. Аммо тадбиркорни қўллаб-қувватлаш бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини поймол этиш эвазига бўлмаслиги керак.

Бугунги кунда Х.Абдуллаева майдон унга тегишли экани, суд қароридан норозилигини билдиряпти. Жорий йилда Булунғур туман маъмурий судига ҳам мурожаат қилган. Туман ҳокимининг 2315-қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда ҳудудда жойлашган қозонхона биноси ва бинога тегишли бўлган 14,46 га ер майдонига нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини туман ҳокимлигига юклашни сўраган. Аммо 2019 йил 7 июндаги суд ажрими билан иш юритишдан тугатилган.

Бу ҳақида туман мутасаддилари томонидан фуқарога тушунтириш берилганига қарамай, вилоят ҳокимига қайта мурожаат қилади.

Бугун Х.Абдуллаеванинг мурожати вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида ўрганиб чиқилди. Туман ҳокими ва барча даражадаги ташкилот масъуллари қатнашган йиғилишда фуқарога амалдани қонунчилик талаблари тушунтирилди. Тадбиркорлик фаолиятини юритаётган дўкони олдидан аукцион савдолари орқали қўшимча ер сотиб олиш ҳуқуқи эътироф этилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM