Ҳунармандларга имтиёз кенгайди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Президентимиз “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди. 
Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги яратилади. Веб-сайт кўринишида режалаштирилаётган каталог очиқ ва умум фойдаланишдаги ресурс ҳисобланади. 

Ундан нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танлов ғолиблари, санъат, фан арбоблари, академиклар тавсиясига эга усталар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони соҳиблари киритилади. Махсус кенгаш каталогга киритиш учун номзодларни танлаш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри ҳам шакллантирилади. 
Миллий каталогга киритилган ҳунарманд қатор имтиёзларга эга бўлади.
Биринчидан, Тушумининг 100 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача миқдори учун ягона солиқ тўловини 2 фоиз ставка бўйича тўлайди. Ҳудди шу тартиб реестрдаги ҳунармандларга ҳам татбиқ этилади.
Иккинчидан, сони бўйича чекловсиз шогирд олиши мумкин.
Учинчидан, кўргазма заллари, галерея, павильон, бозор ва ярмарка расталарида, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида устуворликка эга бўлади.
2020 йил ҳунармандчиликни ривожлантириш дастурига 589,3 миллиард сўм миқдорида, шундан, 470 миллиард сўм (50 миллион АҚШ доллари) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан кредит ажратилади. “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” ва “Агробанк” ушбу манбалар ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга кредит беради. Бунда ажратилган имтиёзли маблағ базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмайди. Фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Кредитдан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ва “Уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музей ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун фойдаланиш мумкин.
Элзод ҲУСАНОВ,
туман давлат солиқ инспекцияси ходими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM