Юқори даромад олишни истамаймизми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида ишчи гуруҳ туманимизда томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан агротехник тадбирларнинг олиб борилиши билан танишди.

Туман ҳокими Қ.Собиров ҳамда соҳа мутасаддилари иштирокида кун давомида 14 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳолат ўрганилди.

Сўнгги вақтларда томорқа майдонларидан юқори даромад олишга қаратилган тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилаётгани бежиз эмас. Бутун дунёни қамраб олган пандемия шароити ҳар бир қарич ерда озиқ-овқат етиштиришни тақазо этмоқда. Бу аҳоли даромадларини ошириш йўлида муҳим қадам бўлишини давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлади. Афсуски, айрим ҳудудлардаги вазият кутилганидек эмас.

Хусусан, ишчи гуруҳ ўрганиши давомида Ширинкент маҳалласидаги тўртта хонадон томорқа майдонига эртанги экинларни тўлиқ экмагани ойдинлашди. Шунингдек, Ғазира маҳалласида 5 та, Катта қишлоқ, Хитойпоён, Кўкгумбаз маҳаллаларида 3 та, Қўнғирот маҳалласида 6 та оила тасарруфидаги унумдор ерлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаров ва туман ҳокими Қ.Собиров иштирокида ўрганилган Деҳқонобод, Сарой, Сўхмон, Қудуқли ва Найман ҳудудларидаги ҳолатни ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Аксарият майдонлар бўш, мавсум юмушлари ўз вақтида амалга оширилмаган.

Аслида, деҳқончилик аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган қадрият саналади. Бугунги кунда ҳам бир кафт ердан юқори даромад топиб, рўзғорини обод қилаётган юртдошларимиз кўп. Улардан ўрнак олсак арзийди.

Саричашма маҳалласида истиқомат қилувчи Даврон Қурбонов ана шундай ишбилармон тадбиркорлардан бири. У хонадонида 1800 та бедана боқиб, кунига ўртача 260 минг сўм даромад олмоқда.

– Паррандачилик сердаромад соҳа, – дейди Д.Қурбонов. – Ҳар куни мингга яқин бедана тухумлари йиғиб оламиз. Оиламиз асосан, шу соҳада банд. Кўпинча, харидорларнинг ўзлари излаб келишади. Ортганини ички бозорга чиқарамиз. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон бировнинг қўлига қараб қолмайди.

Саричашмаликлардан яна бири – Санжар Сайдуллаев ҳам ишнинг кўзини биладиганлардан. Айтишича, уч сотих майдонда сабзи етиштириб, 12 миллион сўм даромад олибди. Ховлига кирган кишининг баҳри дили очилади. Хонадондан меҳнат иси уфуради.

Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида аҳолини уруғлик, кўчат, маъданли ўғит билан таъминлаш масалаларига доир муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Бу борада мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM