Улардан миннатдормиз...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Юртимизда коронавирус инфекцияси сабаб карантин эълон қилинганига бир ойдан ошди. Тан олиш керак, ўтаётган кунлар халқимиз сабри, иродаси, бирдамлигини синовдан ўтказмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор оилаларга осон бўлаётгани йўқ. Буни ҳукуматимиз ҳам англаб, сезиб турибди. Карантиннинг дастлабки кунларидаёқ ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари тузилгани бежиз эмас.

Қувонарлиси, ўзбек халқи танти ва сахий феълини тарих олдида яна бир бор намойиш этяпти. Бунда тадбиркор ва ишбилармонлар ҳам, йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳам, саховатпеша фуқаролар ҳам фаоллик кўрсатаётгани эътиборга молик.

Келинг, Жомбой мисолида айрим рақамларга эътибор қаратамиз.

Хабарингиз бор, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш жамоатчилик маркази фаолияти йўлга қўйилган. Сўнгги 20 кун давомида марказга кўплаб тадбиркорлар ташаббус билан келаётгани албатта, кишини қувонтиради. Чунки бу халқимиз меҳр-оқибатли эканидан далолатдир.

“Жаҳонгир файз даласи”, “Шербоев Муродулло”  фермер хўжаликлари, “Агро Кумуш Жомбой” қўшма корхонаси, “Бахт” хусусий фирмаси каби тадбиркорлик субъектлари, Кумуш Исмоилова, Саидаҳрор Ҳошимов каби ҳомийлар номини ҳурмат билан тилга олмоқчимиз. Шахси сир қолишини истаган яна кўплаб юртдошларимиз борки, уларнинг моддий кўмагида 406 та эҳтиёжманд оилага гўшт, ёғ, ун, гуруч, шакар, дуккакли дон ҳамда сабзавотлар етказиб берилди. Хайрия қилинган маҳсулотлар салмоғи ҳам оз эмас. Бугунги кунгача 9 тоннадан ортиқ ун, 787 литр ўсимлик мойи, 500 килограмга яқин гўшт маҳсулотлари хайрияга йўналтирилгани жомбойликларнинг қанчалик бағрикенг халқ эканидан далолат беради.

Саховатнинг фазилати улуғ. Ушбу хайрли ишга бош қўшган барчага туман ҳокимлиги номидан миннатдорчилик билдирамиз.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM