Карантин даврида солиқ имтиёзи бор

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Карантин сабаб солиққа тортиш соҳасида юз берган ўзгаришлар бўйича тадбиркорлик субъектларидан кўплаб саволлар тушмоқда. Қуйида уларнинг айримларига батафсил тўхталмоқчимиз.

2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони қабул қилинганди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2020 йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида” яна бир фармон имзолади. Ушбу икки ҳужжатда солиқ механизмида амалга оширилиши зарур бўлган ўзгаришлар ҳам белгилаб берилган.

Аввало, микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди. Яъни:

Айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Улар кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўланиши талаб этилади.

Ижтимоий солиқ. Бунда кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти мавжуд.

Кечиктириш (ёки бўлиб-бўлиб тўлаш)ни бир солиқ бўйича ёки бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ солиқ турлари бўйича қўллаш мумкин.

Ушбу имтиёз 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрга қадар берилади. Аммо йилнинг 1-чорагида юзага келган солиқ мажбуриятларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Фоизсиз кечиктириш ҳуқуқидан ўз фаолиятини 2020 йилнинг 1 апрелига қадар ёки жорий йилнинг иккинчи ва учинчи чораклари давомида тўхтатган, шунингдек, товарлар реализациясидан тушуми жорий йилнинг 1-чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланиши мумкин.

Бир жиҳатга эътибор қилиш зарур. Солиқ органларини хабардор қилмаган ҳолда солиқларни кечиктиришга йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракат солиқларни ўз вақтида тўламаслик сифатида баҳоланади. Яъни, пеня ҳисобланади.

Бахтиёр БАРАТОВ,

туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM