Уларнинг дуоси мустажоб...

Муборак рамазон ойи ҳамда яқинлашиб келаётган хотира ва қадрлаш куни арафасида туман ҳокимлиги ташаббуси билан 50 нафар жомбойлик кекса-нуронийлар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

Айни пайтда туманимизда бир нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими маълумотига кўра, яна юзга яқин фронт орти фахрийлари ва афғон уруши иштирокчилари бор.

– Муборак кунларда уларнинг ҳолидан хабар олиш, кўнглини кўтаришни ният қилгандик, – дейди бўлим бошлиғи И.Асроров. – Ҳомийлар томонидан ажратилган бирламчи эҳтиёж ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Шунингдек, узоқ йиллик самарали фаолияти учун меҳнат фахрийларига туман ҳокими ташаккурномаси топширилди.

“Она Ватанимиз равнақи, халқимизнинг фаровон турмушини яхшилашга қўшган муносиб ҳиссангизни юксак қадрлаймиз. Эл-юрт корига ярайдиган ўғил-қизлар, невара-чеваралар тарбиялаб, кўрсатиб келаётган намунали турмуш тарзингиздан бугунги ёш авлод ибрат оляпти. Коронавирус номли вабо инсоният устига тушиб, бизларни ҳам четлаб ўтмаётган бугунги таҳликали кунларда Сизнинг мустажоб дуоларингиз, бой ҳаётий тажрибангиз, панду насиҳатларингиз барчамизга қўшимча куч, ишонч ва ғайрат ҳиссини беради”, дейилади ташаккурнома матнида.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM