Сардобадан меҳмон келди...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Сардоба фожиаси жуда кўп хулосалар бергани рост. Шу билан бирга халқимизнинг жипслигини яна бир карра исботлади, десак муболаға эмас.

Фалокат ҳудудидан эвакуация қилинган юртдошларимиз нафақат Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, балки республикамизнинг бошқа туманларида ҳам вақтинча яшаб туришибди. Жумладан, икки оила Жомбойнинг Тўққизбой ва Шодлик маҳаллаларидан паноҳ топган. Туман ҳокими Қ.Собиров ушбу маҳаллаларга ташрифи чоғида улар билан учрашди.

Йўғонтепа қишлоғида истиқомат қилувчи Машраббек Баратов 7 нафар сардобалик ватандошимизга хонадонидан жой берган. Улар орасида 80 ёшли онахондан тортиб, бир ёшга етмаган гўдаккача бор.

– Саксон йиллик умрим давомида бир нарсага кўп гувоҳ бўлдим, – дейди Хурсандой Синдорова. – Бирлашган халқ учун фожианинг йириги бўлмас экан. Кўплашиб ҳар қандай мушкулнинг ечимини топган миллатмиз. Бугун биз, сардобаликлар учун Яратган синов юборди. Оғир кунда ёлғиз эмаслигимизни ҳис қиляпмиз. Бутун Ўзбекистон кўмак учун оёққа тургани ҳикмат эмасми? Жомбойда беш кундан бери меҳмонмиз. Туман ҳокимлигидан йўқлаб келишгани кўнглимизни кўтарди.

Ушбу оилалар учун кийим-кечак, кўрпа-тўшак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Тиббий хизматдан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган.

***

Туман ҳокими кун давомида Тўққизбой ва Шодлик маҳаллаларида аҳоли ижтимоий турмуш даражаси билан танишди. Томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, савдо дўконларида нархлар барқарорлигини сақлаш, арзон нархларда ун етказиб бериш бўйича мавжуд ҳолатни кўздан кечирди.

Камчиликларни баратарф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM