Навоий тилга олган имом Розий ким эди?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Шарқ мумтоз илми ва адабиёти ҳар жиҳатдан Ислом уйғониши билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, Х-ХV асрлар мобайнида дунё тамаддунига бемисл ҳисса қўшган алломайи фузалолар авлоди яшаб ўтдики, улар қолдирган маънавий меросдан бугун ҳам баҳраманд бўлмоқдамиз. Ана шундай улуғ зотлардан бири  Имом Фахриддин Розий номи билан машҳур бўлган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Таймий Бакрий эди.

Имом Фахриддин Розий Шимолий Эроннинг Рай шаҳрида ҳижрий 544 (милодий 1149) йил, Рамазон ойида дунёга келган. Келиб чиқиши Арабистоннинг нуфузли қурайш қабиласидан бўлиб, Рай шаҳрида туғилгани учун Ибн Хатибур Рай номи билан шуҳрат қозонади.

Бўлажак олим дастлабки илмини отасидан ўрганади. Рай ва Мароға мадрасаларида таҳсил олади. Ҳам диний, ҳам дунёвий илмдан баҳраманд бўлиб, калом олими ва диний фалсафа намояндаси, фиқҳда шофеъий мазҳабининг, эътиқодда ашъарий ақидасининг етук вакили сифатида майдонга чиқади.

Имом Фахриддин Розийнинг фан олдидаги энг муҳим иши Шарқда биринчи бўлиб илмий методологияга асос солганидир. Бу орқали Берунийдан кейинги давр Шарқ фалсафасини ўз фикрлари билан бойитган.

Алломанинг бутун умри Мовароуннаҳр, хусусан Хоразм билан боғлиқ кечган. Ўн иккинчи асрда Хоразм империяси катта сиёсий мавқега эга бўлгани тарихдан маълум. Хоразмшоҳлар даврида илм-фан ва маданият гуллаб яшнади, архитектура ва ҳунармандчилик ривожланди. Бу даврда Маъмун академияси давомчиларининг бутун бир авлоди пайдо бўлди. Шундан тарихий бир шароитда Фахриддин Розий Хоразмга келади.

Олим ўзининг “Жомеъ ал-улум” асари муқаддимасида “Хоразмшоҳ Алоуддин Такаш  томонидан фан билан шуғулланиш учун тайёр қилинган, дилларга хуш ёқувчи шароит юзага келди”, деб ёзади.

Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратиш ўринли.

Шарқ мумтоз адабиётининг улуғ намояндаси Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” достонида Розий ва Хоразмшоҳ учрашувига алоҳида урғу қаратган. Шу фактнинг ўзиёқ унинг ўрта асрлар Шарқ дунёсида нуфузи баланд бўлгани, анча машҳурликка эришганидан даракдир.

Афсуски, Фахриддин Розийнинг илмий мероси ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Қомусий асари “Жомеъ ал-улум” устида кичик тадқиқодлар олиб борилган, холос.

Ушбу рисола ҳам Хоразмшоҳлар сулоласи, хусусан Отсизга бағишланган бўлиб, асарда илмлар тасниф қилинади. Уларни ўрганишда ва ўргатишда ўзига хос метод (услуб) илгари сурилади.

Эътибор қилинг, Ислом уйғониши рўй бераётган бир пайтда Имом Розий услубият (методология) билан жиддий шуғулланган!

Истиқлол неъмати сабаб сўнгги йилларда бир қатор алломаю фузалолар ижодий мероси қайта юз очмоқда. “Жомеъ ал-улум”нинг Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институти фондида сақланаётган (ИНВ № 2923) тошбосма нусхаси ҳам эндиликда муфассал ўрганишга киришилди. Шунингдек, Ислом оламида муҳим аҳамиятга молик бўлган “Мафотиҳул ғайб” тафсирига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда Эронда туғилиб, бизнинг диёримизда илм билан машғул бўлган Имом Фахриддин Розий меросини шрганиш илмнинг янги авлоди олдида турган вазифалардан биридир. Шу жараёнда улуғ аждодларимиз Алишер Навоий (“Ҳайрат ул-аброр”, “Маҳбубул қулуб”), Сўфи Оллоёр (“Саботул ожизийн”) асарлари ҳамда Муҳаммад Юсуфбек Баёний ғазалларидан ҳам манба сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Зеро, ушбу асарларда Фахриддин Розий ижодиётига доир анча қимматли ва ишончли маълумотлар мавжуд.

Нурбек ХИДИРОВ,

“Кўк тўнли бобо” жоме масжиди имом-хатиби

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM