Банклар семинар ўтказди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Марказий банк вилоят бошқармаси ташаббуси билан оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш механизмлари мавзуида амалий семинар ўтказилди.

Журият маҳалласида ўтган тадбирда томорқа, боғдорчилик, қуёнчилик, балиқчилик, сабзавотчилик, паррандачилик ва бошқа йўналишлар учун тижорат банклари томонидан таклиф этилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, касаначи сифатида иш бошлаб, юқори натижага эришган тадбиркорлар, таъминотчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, маслаҳат ва тавсия олиш имкони яратилди.

– Бир кафтгина томорқаси бўлган оила эҳтиёжманд тоифага тушиб қолмаслиги керак, – дейди “Агробанк” туман филиали раҳбари О.Ўсаров. –Шу кунларда парранда йўналиши учун етти фоизли кредит ажратиляпти. “Бройлер” зотли жўжа парваришлаб, қирқ кунда йигирма миллион сўм даромад олаётганлар орамизда кўп. Мақсадимиз улар сафини янада кенгайтириш. Бу борада Ҳолвойи, Шерқўрғон, Эски Жомбой ва Қорамўйин маҳаллаларида намунали ҳудудлар ташкил қиляпмиз. Лойиҳага босқичма-босқич тарзда бутун туманни қамраб олиш мақсад қилинган.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Қ.Собиров томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолатига эътибор қаратди.

– “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилингани бежиз эмас, – деди ҳоким. – Давлатимиз раҳбарининг мақсади ҳам шу, аҳоли орасида камбағалликка буткул чек қўйилиши керак. Эндиликда,  томорқасини обод қилган, иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган фуқароларга бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ажратилади. Аксинча, томорқа майдонларини ўз ҳолига ташлаб қўйган мулкдорларга нисбатан оширилган ставкада солиқ ҳисоблаш тизими қатъий назоратга олинади.

Семинарда вилоят ҳокими ёрдамчиси Н.Ибрагимов қатнашди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM