Шерқўрғонликлар беда ўрнига картошка экяпти

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жомбой туманида томорқадан самарали фойдаланиб, мўмай даромад қилаётган оилалар кўп. Улардан бири Шерқўрғон маҳалласида яшовчи Улуғбек Кўбаев оиласи.

- Халқ банки туман филиалидан ажратилган 28 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига 4 сотихлик иссиқхона қурдим, - дейди у. – 2 йилдан бери шу иссиқхонада помидор, бодиринг етиштиряпман. Ўтган йилги даромаддан кредитимнинг ярмини қайтариб бўлдим. Маҳалламиз аҳолиси учун ҳовлимизнинг кўча томонидан савдо дўкони очдик. Иссиқхонадан чиқаётган маҳсулот шу дўконнинг ўзида сотиляпти. Яқинда туманимиз ҳокими томонидан берилган таклиф асосида гўзаллик салонини ишга туширмоқчимиз. Яна кредит олиб,  парандачилик билан ҳам шуғулланиш режамиз ҳам бор. Тадбиркорлигимни кенгайтириб, янги иш ўринлари яратмоқчиман.

Шерқўрғон маҳалласида каттагина экин майдони бўла туриб, ундан унумли фойдаланмаётган томорқа ер эгалари ҳам бор экан. Масалан,  маҳалладаги бир хонадонда 18 сотих томорқа мавжуд бўлиб, шу пайтга қадар бу ернинг аксарият қисмига беда ва терак экиб келинган. Туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ тавсияси билан бедазорнинг бир қисми бузилиб, иссиқхона ташкил этилмоқда.

- 8 бош қорамол, 100 бош парранда боқамиз, - дейди хонадон соҳибаси Шоҳиста Азизқулова. – Тўғри, шу пайтгача томорқамиздан самарасиз фойдаланиб келаётган эдик. Ишчи гуруҳ тавсияси билан 3 сотих жойдаги теракзорни бузиб, 30 миллион сўмлик кредит эвазига иссиқхона қуряпмиз. Ўйлаб қарасак, томорқа имкониятлари кўп экан. Бедазорнинг ўрнига картошка экмоқчимиз. Кутилмаган янгилик бўляпти. Қимирлаган қир ошар, дейишади. Берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланишимиз керак.

Ишчи гуруҳ томонидан туманнинг бошқа ҳудудларда ҳам тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Қўлидан иш келадиган ҳар бир фуқарога томорқадан унумли фойдаланиш, айни карантин даврида вақтини мазмунли ўтказиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM