Жомбойни ёшлар туманига айлантирамиз!

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум, келажаги порлоқ, азиз ёшлар!

Аввало, барчангизни бугунги байрам – Ёшлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Туманимиз иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва санъат соҳасида етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Қувонарлиси, ютуқларимизда Cизларнинг ҳам алоҳида ҳиссангиз бор. Бугунги кунда Жомбой аҳолиси 170 мингдан ошди. Унинг 60 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Бу ўз-ўзидан “JV MAN”, “Uz Auto Trailer”, “Amin invest international”, “Purе Milky products”, “Monchico”, “Aziya Fruits”, “Jomboy golden”, “B-Max building materials” каби йирик ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланиб, жаҳонга бўйлаши учун Жомбой ёшлари ҳам фидокорона меҳнат қилишаётганини англатади.

Жорий ўқув йили туманимиз таълим тизими учун ҳам ижобий ютуқларга бой ўтди. Мавжуд 56 та умумтаълим мактабини 2373 нафар битирувчилар муваффақиятли тамомлашди. Улар орасида 15 нафар олтин, 3 нафар кумуш медали соҳиблари борлиги бизни албатта, қувонтиради. 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби битирувчиси Нигина Шербекованинг IELTS имтиҳонларидан 6,5 бални қўлга киритиб, Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси бўлгани эса Жомбой фарзандларининг нақадар билимли эканини амалда исботлади.

Азиз ёшлар!

Муҳтарам Президентимиз куни кеча сизларга байрам табриги йўлладилар.

“Бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолади”, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, жаҳонда юз бераётган воқеаларни кузатиб боряпмиз. Мана шундай таҳликали дамларда ҳам ўзбек ёшлари ўз иқтидор ва истеъдодларини намойиш қилиб, юқори натижалар қайд этаётгани бизга катта фахр-ифтихор бағишлайди.

Шу билан бир қаторда, Сизларга яхши шароитлар яратиб бериш асосий вазифамиз эканини қайд этиш лозим. Шубҳасиз, иш билан таъминлаш бу борада асосий масала ҳисобланади. 

Ўзбекистон иқтисодиёт ва тадбиркорлик ривожланиб бораётган мамлакатлар қаторига кирмоқда. Демак, Сиз ҳам ўз тадбиркорлик ғояларингизни ишлаб чиқиб, катта-катта режа ва мақсадлар сари интилишингиз керак. Сизни қўллаб-қувватлаш, зарур кўмак кўрсатишга биз ҳамиша тайёрмиз. Жойларда, аҳоли билан учрашувларда бир жиҳатга кўпроқ эътибор қаратаётганимиздан хабарингиз бор. Яъни, Жомбойдаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда ёшлар гузари, тадбиркорлик марказларини ташкил этиш мақсадидамиз. Шерқўрғон, Ҳолвойи маҳаллаларида бу борадаги ишлар жадал давом этяпти. Катта қишлоқ маҳалласида ҳам тез кунларда ана шундай марказ қурилиши бошлаб юборилади. Бу ерда сартарошлик, этикдўзлик, тикувчилик цехлари, спорт мажмуаси ва кутубхоналар иш бошлайди. Қўлида ҳунари бор ёшларимиз ўз тадбиркорлигини ушбу марказларда давом эттириши учун шароитлар яратилади. Бир сўз билан айтганда, Жомбойни чинакам ёшлар туманига айлантирамиз.

Буларнинг барчаси эртанги кун эгалари, келажагимиз пойдевори, умиди ҳамда ишончи бўлган ёшлар учундир. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро ёшлар тақдирига бирдек масъул ҳисобланади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизга тарбия берган ота-онангиз ва устозларингизга ҳам ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Бундан кейинги юртимиз равнақи йўлида олиб борадиган фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Қаюм Собиров,

Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM