Асрий дарахтларга табиат ёдгорлиги мақоми берилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Аввал хабар қилганимиздек, халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида маданий мерос ёдгорликлари рўйхатини қайтадан шакллантириш ва юз ёшдан ошган дарахтлар жойлашган ҳудудларни давлат кадастридан ўтказиш, уларга “Давлат табиат ёдгорлиги” мақомини бериш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Соҳада амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, туманда мавжуд маданий мерос ва табиат ёдгорликлари ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи фаоли Дилшод Нурматовга мурожаат қилдик.

­– Вилоятимиз археологик ва маданий мерос ёдгорликларига бой ҳудудлардан бири экани сир эмас, – дейди Д.Нурматов. – Ушбу минтақада бир ярим мингдан ортиқ қадимий археологик ёдгорликлар, яна кўплаб асрий дарахтлар мавжуд. Уларни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш бурчимиздир.

Шу мақсадда экология бўлими билан ҳамкорлик ўрнатдик. Жомбой туманида мавжуд 100 ёшдан ошган дарахтларнинг бугунги ҳолати, сақланиш даражаси ўрганиб чиқилди.

Ўтган асрнинг охирларида қўриқ майдонларнинг ўзлаштирилиши, автомобиль, темир йўл қурилиши, канал ва ариқлар қазилиши натижасида минглаб табиат ёдгорликлари кесиб юборилди. Афсуски, бу ҳолат туманимизни ҳам четлаб ўтмаган. Шундай бўлса-да, тарихда йўл қўйилган хатоларни тузатишга ҳеч қачон кеч эмас. Демоқчимизки, асрларга бўйлашган дарахтларни давлат кадастридан ўтказиш келгусида уларнинг сақлаб қолинишига кафолат бўлади.

Туман экология бўлими мутахассислари иштирокида ўтказилган хатлов натижасига кўра, Жомбойда 100 ёшдан ошган, алоҳида муҳофазага олинмаган дарахтлар мавжудлиги тасдиғини топди. Хусусан, Бешбола маҳалласи ҳудудида ўсиб турган 2 туп чинор ёши икки асрдан кам эмас экан. Шунингдек, Тут маҳалласида бир туп тут ҳамда Кўкгумбаз маҳалласида бир туп чинор дарахтлари ҳам юз йиллар аввал экилган. Ваҳоланки, бугунги кунга қадар расмий рўйхатга киритилмаган.

“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 26-, 27-, 28-моддаларида ўсимликларга “Давлат табиат ёдгорлиги” мақомини бериш тартиби тўғрисида сўз юритилади.

Айни пайтда ушбу дарахтларга расман табиат ёдгорлиги мақомини бериш устида иш олиб бориляпти. Улар жойлашган ҳудудларни давлат кадастридан ўтказиш ҳам мақсад қилинмоқда.

Орифжон ОДИЛОВ суҳбатлашди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM