Имтиёз учун 112 та мурожаат тушди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жорий йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда хотин-қизлар учун қўшимча грант ўринлари ажратилиши белгиланганди. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси қарори билан низом тасдиқланган бўлиб, номзодларни саралаш туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими зиммасига юклатилган. Туманимизда ушбу жараён юқори савияда ташкил этилди. Номзодлар 24 июндан 10 июлга қадар ишчи гуруҳга ҳужжат тақдим этишди. Жомбойлик 112 нафар опа-сингилларимиздан тавсиянома олиш учун мурожаат келиб тушганини қайд этиш жоиз.
Таҳлилларга кўра, энг кўп мурожаат Бешбола (8 та) ва Гулистон (7 та) маҳаллалари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Шодлик, Журият, Ширинкент, Эски Жомбой, Зарафшон, Самарқанд маҳаллаларидан ҳам нисбатан кўп (5 тадан) мурожаат қабул қилинди. Олмазор, Деҳқонобод, Қўрғонсоломон, Ногаҳон маҳаллаларидан 4 тадан, Саричашма, Алишер Навоий, Наймантепа, Нўш, Тошкент, Қорамўйин, Катта қишлоқ, Тут маҳаллаларидан 3 тадан, Полвонариқ, Кўкгумбаз, Қўнғирот, Қанғли, Қўлбости, Сарой маҳаллаларидан 2 тадан, Ғазира, Сўхмон, Хитойпоён, Шерқўрғон, Назар маҳаллаларидан эса 1 тадан ҳужжатлар қабул қилинди.
Аризачиларнинг 39 нафари 18 ёшгача, 54 нафари
18-30 ёшгача, 15 нафари 30-40 ёшгача экани эътиборга молик.
Шундан 43 нафар хотин-қизларимиз мактаб шаҳодатномаси, 60 нафари касб-ҳунар коллежи, 5 нафари академик лицей дипломига эга. Қизларнинг 39 нафари жорий йилги битирувчилардир.
“Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 2-бандида номзодлар учун тоифа-мезонлари белгиланган.
Хусусан, тавсиянома олишга номзод кўрсатиб ўтилган 7 тоифанинг бирига мансуб бўлиши керак. Ишчи гуруҳ томонидан ҳужжатлар ўрганилганда 40 нафар кам таъминланган, 28 нафар тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, 10 нафар шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган хотин-қизлардан мурожаат келиб тушгани аниқланди. Бундан ташқари, 5 нафар икки ва ундан ортиқ 14 ёшгача фарзанди бор, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари ҳамда 7 нафар ота-онасидан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган, иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ҳисобда турган қизлардан ҳам ариза келиб тушган. Ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар ҳиссаси эса 18 нафарни ташкил қилмоқда.
Тақдим этилган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда, батафсил ўрганилди, белгиланган мезонларга мос келиши таҳлил қилинди.
109 нафар номзодларнинг ҳужжатлари низомда белгиланган мезонларга мувофиқ, деб топилди. Ҳужжатлар республика комиссиясига тақдим этилган.

Зарифа ЮСУПОВА,
туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM