Қурбон ҳайити муносабати билан туман халқига байрам табриги

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Бугун муборак қурбон ҳайити арафасида Сиз, азизларга мустаҳкам соғлиқ, юртимизга тинчлик, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

Ушбу айём минг йиллик тарихни ортда қолдириб, миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Бу кунда аразлар унутилиб, шукроналик, меҳр-оқибат, шафқат, бирдамлик туйғулари мустаҳкамланади. Бинобарин, бугунги мураккаб даврда ушбу тушунчалар ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга.

Динимиз азалдан эзгуликни тарғиб қилиб келган. Асрлар давомида ислом оламидан минглаб олиму уламолар, тасаввуф намояндалари, ижодкорлар етишиб чиққани сир эмас. Хусусан, Жомбойда яшаб ўтган Шайх Худойдод Вали, Камолиддин Оқоний-Алиободий, Имом Шамсуллайима каби улуғ инсонлар қолдирган маънавий бисот бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Демоқчиманки, миллий-диний қадриятларимиз илдизлари туманимизда ҳам бир неча асрларга бўйлашади. Эндиликда, уларга муносиб авлод бўлиш, ёшларни хушхулқ, гўзал ахлоқ билан, Ватанпарвар, ҳалол инсон қилиб тарбия қилиш бурчимиздир.

Азиз жомбойликлар!

Хабарингиз бор. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият сабаб юртимизда карантин чекловлари амалда бўлиб турибди. Ҳайит байрамини нишонлашда ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ. Зеро, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳам бу борада ўз тавсияларини билдирди. Унда алоҳида таъкидланганидек, байрам кунида тўп-тўп бўлиб қабристонларга бориш, дастурхон ёзиб меҳмон чорлаш ўзимизни ҳам, атрофдагиларни ҳам хавф остига қўйиш бўлади. Унинг ўрнига Ҳайит айёмини уйда, оиламиз даврасида ўтказсак, ҳар жиҳатдан тўғри йўл тутган бўламиз. Ишонаманки, буни яхши англайсиз ва карантин қоидаларига қатъий амал қиласиз.

Фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилакларимиз ижобат бўлсин! Хонадонларимиздан файзу барака ва осойишталик аримасин.

Яна бир бор муборак қурбон ҳайити билан барчангизни муборакбод этаман.

Сизларга чуқур ҳурмат билан,

Қаюм СОБИРОВ,

Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM