Жомбойлик ландшафт устаси 3 сотихдан 75 миллион сўм даромад олмоқчи

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Хона гуллари ва манзарали ўсимликларни уйда парваришлаб, ундан қанча даромад топиш мумкин? Тошкент маҳалласида яшовчи Ҳалимбек Ўроқов беш йилдан буён томорқасида ана шу фаолиятни йўлга қўйиб, кам бўлгани йўқ. Аксинча, уни кенгайтириш устида иш олиб бормоқда. Ландшафт-дизайн соҳасини туманда биринчилардан бўлиб йўлга қўйгани бежиз эмас.

Мўжазгина ҳовлида мевали ва манзарали бутасимон ўсимликларнинг юздан ортиқ тури парвариш қилинмоқда. Пандемия шароитида уйда қолиб, томорқадан даромад топяти.

– Ландшафт-дизайн соҳаси кўплаб мамалакатларда даромадли касб ҳисобланади, – дейди Ҳ.Ўроқов. – Йирик компания ва нуфузли ташкилот биноларини буларсиз тасаввур қилиш қийин. У кишидан сабр-тоқат, меҳнат ва ижодкорликни талаб қилади. Қолаверса, деҳқончилик, боғдорчилик, архитектура илмидан озми-кўп хабардор бўлиш лозим. Гуллар ва манзарали ўсимликларнинг аксарият қисми турли давлатлардан келтирилади. Уларни иқлим шароитига мослаштириш учун тинимсиз изланиб, синовдан ўтказамиз. Яхши ривожланиб кетса, ландшафт устасининг ютуғи шу.

Ҳ.Ўроқовнинг айтишича, аспарагус, филоденброн, липа ўсимлиги гўзал тузилиши ва шифобахшлиги билан ажралиб турар экан. Айниқса, палма гулини етиштиришга алоҳида аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Томорқанинг асосий қисмига уруғидан экиб, ўстириляпти. Куз ойларида тувакка олинади. Улардан 5000 та тайёрлаб сотишни мақсад қилган.

Бу гулларнинг донаси ўрта ҳисобда 15000 сўмдан сотилади. 2­3 сотих жойдан 75 миллионга яқин даромад олинади. Ёш олма дарахтларининг ҳосил солиб тургани ҳам киши эътиборини тортади. Қизиғи, кам шохда мўл ҳосил солган олмани бошқа жойда учратиш қийин. Ташқи кўриниши билан ҳам ажралиб турибди.

– Олманинг “Колонавидный” нави Волгаград ўлкасидан келтирилади, – дейди боғбон. – Бу биз учун янги йўналиш. Дастлаб, гулчиликдан фаолият бошлаган эдик. Кейин ландшафт яратиш соҳасини пухта ўргандим. Соҳа мутахассислари табиат манзарасини яратишда кўпроқ бутасимон ўсимликлардан фойдаланишни маъқул кўришади. Мевали дарахтларга унчалик эътибор қаратилмайди. Аммо улардан ҳам гўзал санъат асарини яратиш мумкин. “Колонавидный” навли олмани шу мақсадда келтирдик.

Ушбу дарахт меваси билан кўзни қувонтиради. Тик ўсувчи танаси билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради. Ҳар бир кўчатнинг ораси 50 сантиметр бўлса кифоя, катта майдон талаб қилмайди. 25­30 квадрат метрда 15 туп дарахт бемалол ҳосил бериши мумкин. Икки­уч йилда 15 килограмм, беш йилда 30­40 килограмгача ҳосил оласиз. Агар камроқ ерда шунча дарахт ўсадиган бўлса, мевасидан анча даромад қилиниши тайин.

Албатта, шунча меҳнат ва натижа ўз­ўзидан бўлаётгани йўқ. Оиланинг тўрт нафар аъзоси шу иш билан банд. Етти сотих томорқадан унумли фойдаланиб, рўзғорини обод қилишяпти. Эзгу ишлари билан элга қувонч ва наф келтиришни мақсад қилишган.

Соҳиб САЙФУЛЛАЕВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM