Жомбойдаги эҳтиёжманд оилаларга яна 1 миллиард 571 миллион сўм маблағ ажратилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги 8-сессияси ўтказилди. Тадбирни 8-Сарой сайлов округидан сайланган депутат Ў.Нажмиддинов олиб борди.

Дастлаб, “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар” мавзуидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этиш жоизки, туманимизда эҳтиёжманд қатлам сифатида 2170 та оила “Темир дафтар”га киритилган. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг биринчи босқичида уларнинг 214 таси камбағалликдан чиқарилган.

“Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги Президент фармонига кўра, жорий йилнинг 30 июль куни 370 та оилага 1 миллион сўмлик моддий ёрдам пуллари етказиб берилди.

Қолган 1586 та оилани ҳам ижтимоий, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бандлиги таъминлаш орқали доимий даромад манбаларини шакллантириш, шу орқали босқичма-босқич камбағалликдан чиқариш тадбирлари олиб борилмоқда. Яқин кунларда ушбу фуқароларга 220 минг сўмдан, жами 1 миллиард 571 миллион сўм маблағ ажратилиши кутиляпти.

Мавзу юзасидан сўзга чиққан туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ф.Мажидов ушбу жараёнда айрим маҳалла раислари томонидан эътиборсизлик ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганини танқид қилди. Хусусан, махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганилганда 24 та оилада истиқомат қилаётган 190 нафар фуқаролар асоссиз равишда рўйхатга киритилгани, сунъий қўшиб ёзиш ҳолатлари учрагани аниқланган.

– Натижада эҳтиёжмандлар учун ажратилиши керак бўлган суммадан 41 миллион 800 минг сўм ортиқча ҳисобланган, – деди Ф.Мажидов. Ушбу маблағлар республика хайрия ҳисоб-рақамига қайтарилади. Бундан ташқари, биринчи босқичда “Темир дафтар”га киритилмай қолган ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож оилалар ҳам учраяпти. Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида 176 та шундай хонадон рўйхати шакллантирилди. Уларни “Темир дафтар”га киритиш мақсадга мувофиқ.

Сессия ишида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида 569 нафар аёллар ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилган. Улар орасида фаол иш қидирувчи сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази рўйхатида турган фуқаролар ҳам бор. Кўрилган чоралар натижасида 461 нафар хотин-қизлар ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги, шунингдек, саноат-ишлаб чиқариш корхоналарига ишга жойлаштирилган.

Тадбир давомида Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Юсуповнинг одил судловни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг биринчи ярмида бажарилган ишлар сарҳисоби ҳамда Халқ қабулхонаси мудири И.Олтибоевнинг ҳисоботи эшитилди. “Маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларнинг тарихини илмий асосда ўрганиш ва келажак авлодга етказиш” мавзуига доир масала депутатлар томонидан муҳокама этилди.

 

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM