Ўзини ўзи банд қилиш: Қулай, қонуний, хавфсиз

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Яқинда “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 1 июлдан юошлаб 67 хил йўналишда ўзини ўзи банд қилишга рухсат этилади.

Хўш, ўзини ўзи банд қилганлар тоифасига кимлар киритилади?

Хизмат кўрсатишда мустақил, шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар ушбу қатламга мансуб ҳисобланади. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди.

Маиший, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий йўналишларда, шунингдек, саноат, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва ахборот коммуникация тармоқларида хизмат қилаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида эътироф этилади. Чунки улар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса-да, фойдали меҳнати билан жамият ҳаётида иштирок этади.

Аслида рўйхат анча кенг. Сартарошлик, косметология, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитсозлик, косиблик, чорва молларини парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш, якка тартибдаги репетиторлик, энагалик, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати, ёғоч меъморчилиги, сантехника, электр-монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, иккиламчи металл тўплаш, уй шароитида нон, поп-корн, музқаймоқ, салат, салқин ичимлик, гўжа тайёрлаш, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш, ижтимоий тармоқлар орқали дастурий таъминот, мобил илова ёки веб-сайтлар ишлаб чиқиш каби хизмат турлари шулар жумласидандир. 

Ўзини ўзи банд қилганлар "Soliq" мобил иловаси ёки soliq.uz сайтида шахсий кабинет орқали масофадан, бепул рўйхатга олинади.

Шахсий кабинетга шахсий маълумотлар киритилганидан сўнг фаолият турини танлаш лозим. Бирдан ортиқ йўналиш танлашнинг ҳам имкони бор. Фаолият кўрсатиш жойи – вилоят ва туман (шаҳар), албатта, кўрсатилиши керак.

Шу тариқа солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилади ва фойдаланувчига матрицали штрих код (“QR-код”) юборилади.

Ўзини ўзи банд қиладиганлар расман рўйхатга олингач, қонуний равишда ишлаши, қабул қилинган буюртмаларни расмийлаштириш ва сақлаши мумкин. Маълумотлар базасида ҳар бир буюртма учун ишларнинг сони ва қиймати, шунингдек мижознинг телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Буюртма асосида чек шакллантириш ва уни мижозга юбориш имконияти бор. 

Қарорнинг 3-бандига асосан, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилади. Солиқларни тўлаш масофадан туриб, мобил илова ёки ҳар қандай электрон тўлов тизими орқали амалга оширилади. Бу жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш жараёнига ўхшайди. Яъни, солиқ мажбуриятларини солиқ органларига бормай бажариш мумкин.

Элзод ҲУСАНОВ,

туман солиқ инспекциясининг солиқ солиш бўйича маслаҳат шўъбаси бош инспектори.

2015-2024 © GOVERNMENT OF JOMBOY DISTRICT. Maked by: SAKTRM