Жомбойдан ҳарид қилинган мотоблок яроқсиз чиқди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Истеъмолчилар ҳуқуқини тўлақонли таъминламай туриб, демократик жамият барпо этиш мушкул. Шу маънода Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий бирлашмалари мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Бу борада туманимизда ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаолияти ҳам эътиборга молик.

– Истеъмол маданиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш олдимиздаги асосий вазифадир, – дейди жамият раиси Фирдавс Баҳриев. – Шу орқали эркин рақобат, ҳалол тадбиркорлик муҳити шаклланади. Бу борада муайян ишлар амалга ошириляпти. Биринчи навбатда, фуқароларга ҳарид қилган маҳсулоти сифатсиз бўлса ёхуд бошқача кўринишда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилса, уни қонуний ҳимоя қилишни ўргатяпмиз.

Дарҳақиқат, жамиятнинг сўнгги ойлардаги фаолияти таҳлил қилинса, турли масалалардаги мурожаатлар сони ошгани кўзга ташланади. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти ижобий ечим топган.

 – Яқинда Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳзод Алибоевнинг сифатсиз маиший техника сотаётган тадбиркорлик субъектлари устидан қилган шикояти ўрганилди, – дейди Ф.Баҳриев. – Аниқланишича, фуқаро “Artel” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган кир ювиш машинаси сотиб олган. Аммо кейинчалик, маҳсулот сифатсиз эканлиги ойдинлашади. Компаниянинг сервис хизматига қилган мурожаатлари натижа бермаётган экан. Олиб борилган суриштирув давомида истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. Сифатсиз маҳсулот “Artel-servis-2” Самарқанд филиали томонидан бошқасига алмаштириб берилди.

Бу каби мисолларни истаганча келтириш мумкин. Эътиборлиси, жамият фақат жомбойликлар учун эмас, бошқа ҳудудларда истиқомат қилаётган истеъмолчилар ҳуқуқини ҳам муносиб ҳимоя қилмоқда.

Пастдарғом туманидан тушган мурожаатни олайлик. Фуқаро М.Норбоев “Жомбой кўчатчилик томорқа хизмати” МЧЖдан қишлоқ хўжалик экинларига ишлов беришда фойдаланиладиган мотоблок ҳарид қилганини айтади. Аммо 10 миллион сўмлик ушбу қурилма яроқсиз бўлиб чиқади.

“Жомбой кўчатчилик томорқа хизмати” МЧЖ мутасаддилари билан олиб борилган музокара натижасида истеъмолчига 10 миллион сўм тўлиқ қайтарилди.

Маърифатпарвар боболаримиз “Ҳақ олинур, берилмас” нақлини бежиз айтишмаган. Зеро, ўз ҳақини талаб қилиш ҳам демократик жамият талабларидан биридир.

Расул МАРДОНОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM