Маҳаллалар ўзаро тажриба алмашиб ишлаши керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Катта қишлоқ маҳалласида секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳоли даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу орқали ишсизлик даражасини камайтиришга қаратилган кўргазмали семинар ўтказилди.

Маҳалла раислари, маслаҳатчилар, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва фаоллар иштирок этган тадбирда Катта қишлоқ маҳалласида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди. Мутасаддилар ўртасида тажриба алмашилди.

Катта қишлоқ маҳалласи туманимизнинг ҳудуд ва аҳоли сони бўйича йирик ҳудудларидан саналади. Маҳалла 10 дан ортиқ қишлоқни қамраб олиб, уларда 8 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Ишсизлик сонини камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида хонадонларга қулупнай экиш ишлари тизимли ташкил қилинган. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга замонавий иссиқхона қуришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Маҳалла марказида кутубхона, тикувчилик ва пазандалик шохобчалари ташкил этилгани эътиборга молик. Семинар давомида ушбу тажрибани оммалаштир зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда туман ҳокими Қ.Собиров сўзга чиқди.

– Энг асосий вазифамиз халқ розилигига эришиш йўлида фидойилик бўлиши керак, – деди ҳоким. – Аҳоли қачон рози бўлади? Оиласи тинч, моддий ҳолати барқарор бўлса. Бунинг учун янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамият касб этади. Томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларда ҳунарманд ёшлар гузарларини ташкил қилиш орқали бунга эришиш мумкин. Ҳолвойи, Шерқўрғон маҳаллаларида бу борадаги ишлар анча жадаллашган. Бугун Катта қишлоқ тажрибасини ўргандик. Энди ҳар бир маҳалла шундай андоза билан ишлаши лозим. Янги, яхши таклифларингиз бўлса, қўллаб-қувватлаймиз. Бир-биримиздан ўрганиб, бир-биримизга ўргатиб ишни ташкил қилмасак, халқ розилигига эришиш мушкул.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига 1-сектор штабида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” маркази тақдимот қилинди. “Халқдан олиб, халққа узатиш” тамойилига асосланган тизим ҳар бир секторда ташкил этилишига келишиб олинди.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM