Кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари мавсумга тайёрми? Капитал қурулиш, саноатни ривожлантириш ва коммунал хўжалик масалалари бўлими бош мутахассиси Шерзод Сувонов билан шу ва бошқа саволлар юзасидан суҳбатлашдик.
– Айни вақтда тумандаги 38 та кўп қаватли уйларнинг барчаси куз-қиш мавсумига тайёр, – дейди Ш.Сувонов. – Сўнги уч йил ичида мазкур уйларнинг 30 таси мукаммал таъмирланди. Таъмирлаш ишлари учта ширкат томонидан амалга оширилди.
“Жомбой Шодлик” ширкатига қарашли 16 та, “Жомбой лолазор” ширкатига қарашли 5 та уй мавжуд. Улар кўп қаватли уй мулкдорларига бориб, ўз хизматларини таклиф қилади. Аҳолига қайси бирининг таклифи маъқул бўлса, аъзо бўлишади. Аъзоларнинг тўлаш эҳтиёжига қараб, бадал суммаси белгиланади. Масалан, ойига 16 минг сўмдан. Ушбу маблағ йиллар давомида жамғарилади. Уйлар таъмирталаб ҳолга келганда шу пул ҳисобидан таъмирлаб берилади. Айни вақтда учта ташкилот ходимлари “Узуновул” массивидаги уйларни ҳам аъзолик сафига қўшиш учун тушунтириш ишлари ўтказишяпти.
– Рабғузий кўчасида болалар ўйингоҳининг қурилиши қанчалик якунланган? Ўйингоҳларни қуриш лойиҳаси давом этадими?
– Ушбу ўйингоҳ фойдаланишга топширилган. Самарқанд ва Гулистон маҳаллаларида ҳам шундай масканларни қуриш режамизда бор. Лойиҳада 180 миллион сўм сарфланиши белгиланган. Аммо ҳали пул ўтказилгани йўқ. Агар маблағ ўтказилса, ушбу ҳудудларда болалар ўйингоҳи, катталар учун тринажёр майдончаси қуриб берилади.
– Кўп қаватли уйларнинг канализация тармоғини таъмирлаш охирига етказилдими?
– Шодлик маҳалласидаги ишлар тўқсон фоизга якунланди. Сиддиқий кўчасидаги 4 та кўп қаватли уйларга канализация қувурлари тортилган. Лекин ишга туширилгани йўқ. Марказ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш режаси ишлаб чиқиляпти. Лойиҳага асосан, 30 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилади. Шундан сўнг нафақат кўп қаватли уйлар, балки аҳоли уйларига ҳам тоза ичимлик суви кириб боради.
– Канализация қувурларини ўрнатиш учун қазилган йўллар қачон тамирланади?
– Юқорида айтганимдек, 30 километрлик тармоқни тортиш ишлари тўхтаб турибди. Пул ўтказилиши билан янги лойиҳа асосида иш бошланади. Агар ҳозир бу йўлларни таъмирлайдиган бўлсак, эртага яна бузиш керак. Бу эса миллионлаб маблағни мақсадсиз сарфлаш билан баробар.
– Ижтимоий соҳа объектлари мактаб, боғча ва тиббиёт бирлашмаларидаги вазият қандай? Улар куз-қиш мавсумига тайёрми?
– 56 та умумтаълим мактабини мавсумга тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузилди. Текширув давомида 2 та мактабнинг иситиш тизимида носозлик борлиги, 4 тасида қозон етишмаслиги ва 5 таси жорий таъмирга муҳтожлиги аниқланди. Таъмирлаш ишлари учун 1,735 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Тумандаги 29 та давлат боғчаси табиий газ тармоғига уланган. Қолган 14 та ДМТТга кўмир ёқилғиси етказиб берилади. Бундан ташқари эшик-дераза, пол ва том қисмларини алмаштириш, иситиш тизимини таъмирлаш ҳам режалаштирилган. Ушбу ишларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 1,24 миллиард, эркин қолдиқ ҳисобидан 135 милион сўм ажратилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 13 та даволаш профилактика муассасаларини 85 тонна кўмир ёқилғиси билан таъминлаш режалаштириляпти.
Аҳрор ШАМСИЕВ суҳбатлашди.