Улар – маънавият меъмори

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўқитувчи ва мураббийлар ҳамиша таълим-тарбия фидойилари, жонкуярлари сифатида ҳурмат билан тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Фарзандларимизни билимдон, дунёқараши кенг, интеллектуал салоҳияти юксак, бир сўз билан айтганда, илм-маърифатли бўлиб камол топишида бу касб эгаларининг ҳиссаси беқиёс. Шу боисдан ҳам улар халқимиз ардоғида.

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида нишонланади. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатлари, кўз нури ва қалб қўрини ёш авлодга билим-тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топишига бағишлаган педагогларга эҳтиром рамзидир. Аслида бир кун эмас, ҳар кунни уларга бағишласак арзийди.

Дунёнинг энг ривожланган, илм-фан мислсиз даражада тараққий этган мамлакати – Японияда устозлар байрами йўқ экан.

– Бир куни япониялик ҳамкасбим Ямамотадан бу ерда ўқитувчилар байрами қачон ва қандай нишонланишини сўрадим, – деб ёзади Facеbook тармоғи фойдаланувчиларидан бири. – У менинг саволимдан таажжубланди. “Бизда ҳеч қандай ўқитувчилар байрами йўқ”, деб жавоб берди.

Қизиқ, иқтисодиёт, фан ва техника ривожланган мамлакатда нега ўқитувчи ва унинг меҳнатига эътиборсиз қарайдилар?

Ишдан кейин Ямамота мени уйига таклиф қилди. Метрода кетдик. Вагонлар лиқ тўла эди.

Сиқилишиб, тутқичдан ушлаб бораётгандик. Кутилмаганда, ёнимда ўтирган кекса киши бизга жой берди. Қария томонидан кўрсатилган бундай ҳурматни тушунмай, унинг таклифини рад этдим. Бироқ у қатъий туриб олди. Метродан чиққач, Ямамотадан оқсоқолнинг ҳаракати сабабини сўрадим. Ямамота кулди ва ўқитувчилик нишонимга ишора қилди:

– У сенинг касбингга ҳурмат юзасидан жой берди.

Дўстимнинг уйига биринчи марта меҳмонга кетаётганим учун қуруқ қўл билан бориш ноқулай бўлди. Совға олишга қарор қилдим. Ямамотага ниятимни айтдим. У мени қўллаб-қувватлади ва яқин орада ўқитувчилар учун дўкон борлигини, у ердан имтиёзли нархларда харид қилиш мумкинлигини айтди.

– Имтиёзлар фақат ўқитувчилар учунми? – сўрадим ундан.

– Японияда ўқитувчилик – энг ҳурматли касб. Япон тадбиркорлари дўконига ўқитувчи кирса, жуда хурсанд бўлади, буни ўзи учун катта шараф, деб билади.

Кейинчалик ҳам бу халқ ўқитувчиларни чексиз ҳурмат қилишига бир неча марта гувоҳ бўлдим. Метрода улар учун алоҳида жойлар бор, улар учун алоҳида дўконлар очилган, ўқитувчилар ҳеч қачон навбатда турмайди...

Халқимизда “Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади” деган нақл бор. Дарҳақиқат, ёшимиз, касбу коримиздан қатъий назар, бу сўзларни эшитганда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Қўлимизга илк бор қалам тутқазган биринчи ўқитувчимиз кўз олдимизда гавдаланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам ушбу фидойи соҳа ходимларига эътибор, уларнинг меҳнатини қадрлаш борасида муҳим қадамлар ташланди. Таълим самарадорлиги йилдан-йилга ўсиб бормоқа. Ишонамизки, бу жараён энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.

Аминжон БОЛТАҚУЛОВ,

Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM