Қаюм Собиров: Жомбой мамлакатдаги илк замонавий мактабга бешик бўлган. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Муҳтарам устозлар!

Аввало, барчангизни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, хусусан, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Сабаби, ҳаётда эришган ва эришаётган барча натижаларимиз Сиз, азизларнинг фидокорона меҳнатингиз маҳсулидир.

Донишмандлардан бирига “Нима учун устозни отангиздек улуғлайсиз?”, дея савол беришибди. Шунда донишманд:

– Отам дунёга келишимга сабаб бўлиб, руҳимни кўкдан ерга олиб тушган. Устозим эса ўз илми билан мени яна ердан кўкка кўтарди, –  деб жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг олижаноб мазмуни ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳурматли Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга қарата “Ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”, – деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Ушбу қутлуғ айёмни катта байрам сифатида нишонлар эканмиз, шукуҳли дақиқаларда ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун туман халқи номидан самимий миннатдорчилик билдиришни бурчим, деб биламан.

Бугун Жомбойда 56 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, ушбу муассасаларда 31 мингга яқин ўғил-қизлармиз таҳсил олишяпти. Уларга 2280 нафар устоз-педагоглар сабоқ бермоқдалар. Мактабгача таълим тизимида эса 29 та давлат ва 74 та нодавлат, давлат-хусусий шериклик ҳамда уй-боғчалари фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар сабаб мактабгача таълим қамрови туманимизда 17 фоиздан қарийб 60 фоизга кўтарилди.

Демоқчиманки, тармоқ туман ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Бинобарин, улуғ маърифатпарвар бобокалонимиз Абдулла Авлоний ёзганларидек:

Мактаб – дилингга сочгуси илму фунунни,

Мактаб – зиёда қилгучи ақлу ҳикматинг.

Мактаб – қўлингни тутдими, бошлар ҳидоятга,

Мактаб – раис, раҳбаридур дину, миллатнинг.

Шу ўринда бир маълумотни ёдга олсак, менимча, ўринли бўлади. 1903 йилда, яъни, бундан 117 йил аввал Ҳолвойи қишлоғида янги усулдаги илк мактаб фаолият бошлаган. Илк мактаб, деганимиз бежиз эмас. Бу зиё маскани нафақат туманимиз, балки Туркистон ўлкасидаги ростмана ўз биноси, моддий-техник базасига эга бўлган биринчи таълим муассасаси бўлган. Бу даргоҳда бугун ҳам фарзандларимиз сабоқ олишяпти.

Демак, бугунги кунда Жомбойда фаолият юритаётган педагоглар жамоаси мамлакатдаги илк замонавий мактабга бешик бўлган, Саидаҳмад Сиддиқий, Мирзохўжа Ўринхўжаев, Бозорбой Ўринбоев каби улуғ муаллимларни етиштирган заминнинг кенжа авлоди эканидан ҳар қанча фахрланишга ҳақлидир.

Қадрли устозлар!

Сир эмас, олдимизга қўйган асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Бу вазифани сидқидилдан уддалаш учун биринчи навбатда, билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш зарур бўлади.

Ўтган ўқув йили сўнгида ўрта мактабни тамомлаган ўқувчиларимизнинг 17 нафари олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлишганди. Тўрт нафар битирувчимиз пухта билими ва кенг дунёқараши сабаб муддатидан олдин нуфузли олий ўқув юртларининг талабаси бўлишди. Бир неча кун аввал давлат тест маркази олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари жавобини эълон қилди. Қувонарлиси, яна 212 нафар ўғил-қизларимизга талаба бўлиш бахти насиб этди.

Уларга муносиб билим беришда алоҳида ибрат кўрсатган пешқадам ўқитувчилар номини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Хусусан, 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори Шоҳиста Намозова, 28-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Сабоҳат Нуриддинова ҳамда 17-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Акрам Ҳолжигитов шундай фидойи инсонлар сирасига киради. Бундан ташқари, ўқувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи энг юқори бўлган 51- (22,2 фоиз), 23- (15,4 фоиз) ҳамда 20-умумтаълим мактаблари (14,4 фоиз) жамоасига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Қадрли дўстлар, азиз устозлар!

Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.

Азизлар!

Байрам арафасида яна бир хушхабар борки, қувончимизни Сизлар билан бўлишсак, арзийди. Туманимиздаги 17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Филюра Жамилова “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Устозимизни эътироф билан қутлаган ҳолда, фаолиятларига куч-қувват, келгуси ишларида улкан зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Сўзимиз якунида Биринчи Президентимизнинг машҳур ибораларини яна бир бор ёдга олсак, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади: “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Ҳақиқатан ҳам дунёда Сизнинг касбингиздай мукаррам касб йўқ.

Қаюм СОБИРОВ,

Жомбой тумани ҳокими.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM