Собиқ маҳалла раиси мурожаати юзасидан муносабат

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ижтимоий тармоқларда Жомбой тумани, Хитойпоён маҳалласининг собиқ раиси Қ.Б. томонидан йўлланган мурожаат тарқалмоқда. Унда айтилишича, мурожаат қилувчи 2019 йилда ушбу маҳалла раислигига 73 фоиз овоз билан сайланган. Аммо икки ой аввал эҳтиёжманд оилаларга ажратилган моддий ёрдам пулларини талон-тарож қилганликда айбланиб, ишдан бўшатилган.

Қ.Б. туҳматга қолгани, натижада обрўйига путур етгани, оиласи пароканда бўлаётганини айтади.

Назарда тутилаётган пул маблағлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармойиши асосида тарқатилган бўлиб, ҳудудларда ушбу тоифага мансуб оилалар рўйхатини шакллантириш маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига юклатилган.

Маълумот учун Жомбой туманида 38 та маҳалла мавжуд. Дастлабки босқичда маҳалла раислари тасдиқлаб берган рўйхатларга 1865 та эҳтиёжманд оила киритилган.

Аммо махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда бир марталик моддий ёрдам олишга ҳақли оилалар рўйхатини тузишда қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, Хитойпоён ҳудуди бўйича маҳалла раиси тақдим этган қайдномада фуқаролар К.Ю. ҳамда А.Т., шунингдек, М.А. ва Н.М. алоҳида-алоҳида камбағал оилалар сифатида кўрсатилган. Ўрганиш давомида улар аслида бир оила экани ойдинлашган. Бундан ташқари, иқтисодий ҳолати барқарор, уй-жойи ва яшаш шароити яхши таъминланган А.А., М.Р., З.Б. оиласи асоссиз равишда рўйхатга киритилгани, айрим фуқароларнинг исм-шарифи рўйхатга икки марта қайд этилгани аниқланган. Натижада, моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар сони 15 нафарга кўпайтириб кўрсатилган. Ваҳоланки, ушбу маҳаллада ҳақиқатда муҳтож бўлган Ҳ.Ж. ва Ж.А. оиласи истиқомат қилса-да, моддий ёрдам олувчилар рўйхатга киритилмаган.

Ишчи гуруҳ маълумоти асосида туман прокуратураси терговга қадар текшириш ўтказган. Натижаси бўйича қонун талабларининг бузилиши, унинг келиб чиқиши сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритган.

Хитойпоён маҳалласи раиси Қ.Б.нинг ваколатлари вакиллар йиғилишининг 2020 йил 15 августдаги 2-сонли қарори билан муддатидан аввал тугатилган.

Шу ўринда яна бир маълумотга эътибор қаратиш ўринли. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом” талаблари доирасида жорий йилнинг 29 август куни туманимиздаги маҳаллалар кўрсаткичи таҳлил қилинди. Жомбой туманидаги Президент халқ қабулхонаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида 6 та ҳудуд “Қониқарсиз” баҳоланган. Жумладан, Хитойпоён маҳалласида камбағал оилалар билан ишлаш, тадбиркорликка жалб этиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, ажримларнинг олдини олиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалардаги ишлар сўнгги олти ойда самарали ташкил этилмагани аниқланган.

Туман ҳокимлиги Хитойпоён маҳалласининг собиқ раисига нисбатан ҳеч қандай хусумати йўқ. Унинг мурожаатини холис ўрганиш истагидаги барча журналистлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM