Сессия: Эҳтиёжманд оилалар учун 227 тонна маҳсулот жамғарилган

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги – 14-сессияси ўтказилди. Тадбирда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Шунингдек, секторлар фаолияти, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ҳудуддаги аҳоли кайфияти, 2020 йил 9 ойи давомида туман ҳудудида содир этилган жиноятлар статистикасига оид масалалар ҳам муҳокама этилди.

Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари мавзуида видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда ҳудудларда 2020/2021 йиллар қиш ва баҳор ойлари учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захирага жамғариш юзасидан топшириқлар белгиланган.

Сессияда бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, истиқболда турган вазифалар юзасидан туман ҳокими Қаюм Собировнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, туманда 2020 йил ноябрь – 2021 йил апрель ойлари учун
озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Бунда мол, қўй ва парранда гўшти эҳтиёжи тўлиғича маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қопланади.

Туманда 106,3 минг йирик, 138,8 минг майда шохли моллар, шунингдек, 2,5 миллиондан ортиқ парранда парваришланаётгани инобатга олинса, имкониятлар етарли. Бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси учун эса маҳаллий бюджет, банк кредити ресурслари ва тадбиркорлар маблағлари жалб этилади.

– Маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига 700 миллион сўм ўтказилганди, – деди Қ.Собиров. – Ушбу маблағ ҳисобидан 1398 та “Темир дафтар”га кирган оилаларга 50 килограмдан картошка, 40 килограмдан пиёз, 50 килограмдан сабзи, 22 килограмдан гуруч маҳсулотлари ажратилиши режалаштириляпти. Бунинг учун жами 227 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захира қилинди. Нархлар барқарорлиги борасида Журият ва Жомбой деҳқон бозорларида қатъий назорат ўрнатилиши таъминланади. Шунингдек, маҳаллаларда арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ташкил этилади.

Сессия ишида туман халқ қабулхонаси мудири И.Олтибоевнинг “Секторлар фаолияти, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ҳудуддаги аҳоли кайфияти тўғрисида”ги ахбороти ҳам муҳокама этилди. Ички ишлар бўлими бошлиғи, майёр С.Шавмановнинг 9 ой якунлари бўйича туман ҳудудида содир этилган жиноятчилик таҳлили маълумот учун қабул қилинди.

Сессияда вилоят кенгаши депутати Ҳ.Ўроқов қатнашди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM