ХТБ жойлашган кўчага Ажзий номи берилса...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Сўнгги йилларда миллий тилимизга эътибор кучайди, уни ривожлантириш, обрўйини мустаҳкамлаш кун тартибидан тушмаяпти. 2019 йилнинг 21 октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинганди. Жорий йилнинг 10 апрель куни – миллат фидойиси Абдулла Қодирий бобомизнинг таваллуд кунларида эса “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Шу икки ҳужжат ҳам бу борадаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланиб бораётганини англатади.

Туманимизда ҳам 21 октябрни катта байрам сифатида нишонладик. Демоқчимизки, тилимиз мавқеини ошириш борасидаги жараён энди ортга қайтмайди.

Яқинда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши даражасини аниқлаш, камчиликларни бартараф этиш бўйича туман ишчи гуруҳи тузилди. Жойларда тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Натижада М-39 халқаро автомобиль йўлининг туманимиздан ўтган қисмида пешлавҳа, реклама ва эълонлар матни давлат тилига мувофиқлаштирилди. Қорамўйин, Бешбола, Деҳқонобод, Назар, Самарқанд, Зарафшон маҳаллалари бўйлаб 300 дан ортиқ яроқсиз ҳолга келган, имловий хатолар қайд этилган ҳамда хорижий тилларда ёзилган пешлавҳалар янгиланди. Айни жараён туман маркази бўйлаб давом этмоқда. Навбат географик номларни таҳлил қилишга келди.

Туманимизда 38 та маҳалла ва 243 та қишлоқ-кўча номлари мавжуд. Ўрганиш натижасида шундан 8 таси маънан эскиргани, 10 таси ҳақоратли мазмунга эгалиги, 5 таси мазмунсиз экани, 12 таси мантиқсизлиги, 6 тасига эса такрорий ном берилгани аниқланди.

Олайлик, Саричашма маҳалласида Қизил юлдуз, Деҳқонобод маҳалласида Завод, Гулистон маҳалласида 1 Май каби номлар собиқ иттифоқ давридан бери сақланиб қолмоқда. Ёки Катта қишлоқ маҳалласининг Қул, Қўрғонсоломон маҳалласининг Галатентак, Эски Жомбой маҳалласининг Бешкал қишлоқлари номи ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига ҳам ҳақоратли, назаримизда.

Такрорий номлар муаммосига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Назар маҳалласи, Жоби-2 қишлоғини олайлик. Ҳудди шундай ном Жоби-1 тарзида Деҳқонобод маҳалласининг қишлоқларидан бирига ҳам берилган. Найман маҳалласида эса Сўхмон номли 2 та қишлоқ бор. Аслида ҳар иккисига бошқа ном бериш мақсадга мувофиқ. Сабаби туманимизда Сўхмон номли алоҳида маҳалла мавжуд.

Бу каби чалкашликлар расмий иш юритиш, ҳужжатлар тартиботи, шунингдек, почта-алоқа хизматларининг сифатли ташкил этилишига салбий таъсир кўрсатади.

Географик номлар масаласида сўз кетар экан, энг оғриқли муаммолардан бири мантиқсиз номланган қишлоқлар билан боғлиқлигини тан олиш керак.

Кул, Чувиллоқ, Кунжак, Арпа, Мактаб, Гардан, Оқбош, Тўтихолажон, Боқи, Жонхўроз каби номлар на ўша ҳудуднинг табиий жойлашуви, на тарихи, на маданиятини акс эттиради. Аслида географик ном сифатида танланмаган туманимиз тарихи билан боғлиқ атамалар, Жомбойдан етишиб чиққан таниқли шахслар, улуғ алломалар кўп. Олайлик, бугунги Ногаҳон маҳалласининг Хурми қишлоғи ўрни Темурийлар даврида Алиобод мавзеси сифатида машҳур бўлган. Булунғур туманига туташ ва бугунги кунда Ёмонқўнғирот, Ертош, Ертешар номлари билан аталаётган қишлоқлар эса ўрта асрларда Буюк Ипак йўлининг муҳим бекатларидан бири – Шероз сифатида машҳур эди. Ўша қадим ва шавкатли номларни қайта тикласак, тарихий ҳақиқат қарор топган бўлади.

Кўчаларимизга юртимиз тарихида чуқур из қолдирган улуғ аждодларимиз, давлат ва жамоат арбобларининг номини бериш ҳам муҳим масала. Олайлик, Туркистон тарихида биринчилардан бўлиб замонавий мактаб қурган жадид алломаси Саидаҳмад Сиддиқий Ажзий номи бугун халқ таълими бўлими жойлашган Гулистон маҳалласидаги кўчалардан бирига берилса, ўйлаймизки, халқимиз кўнглидаги иш бўларди.

Яқинда таниқли публицист Ҳалим Сайидовнинг буюк бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятига доир изланишлари матбуотда чоп этилди. Унда айтилишича, жадид алломаси ўзининг ижтимоий-сиёсий фаолиятини ҳозирги Жомбой тумани, Эски Жомбой маҳалласи ҳудудида муфтийлик, имом-хатибликдан бошлаган экан. Бу тарихий далилдан ҳар қанча фахрланишга ҳақли бўлсак-да, ҳозирча туманимизда Беҳбудий номи берилган кўча ёки қишлоқларимиз йўқ.

Демоқчимизки, географик номларни қайта кўриб чиқиш фурсати етди. Бу борада ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ҳудуд аҳолисининг фикри ўрганилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Орифжон ОДИЛОВ,

Гавҳархон МУҚАДДАСОВА,

туман ҳокими маслаҳатчилари.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM