Қадимги юнонлар тилга олган дарё

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туманимиз ҳудудидан оқиб ўтган ва қишлоқ хўжалигининг асосий суғориш манбаи ҳисобланган Зарафшон дарёси нега бундай аталади? Суви зар рангида бўлгани учунми ёки йўлидаги гўшаларни обод қилгани бунга сабабми? Аслида, униси ҳам, буниси ҳам тўғри. Тожикистон Республикаси ҳудудидаги Маччо тоғларидан бошланадиган дарё ғаройиб хусусият ва синоатларга бой.

Аввало, ушбу оби-ҳаёт манбаи бошқа дарёлардан фарқли ўлароқ, улкан музлик остидан оқиб чиқиши соҳа мутахассисларининг ҳайратига сабаб бўлган. Қарийб 20 та йирик музликни ўзида жамлаган Зарафшон қоялари 24 километр давомида 5960 метран 2775 метргача нишаблик сари эниб боради.

Дарёнинг туси ва ҳосилдорлик хусуяти борасида турли илмий фаразлар мавжуд. Жумладан, бунга музлик устига ёпирилган чанг ва тупроқ қуйқалари, кейинчалик ундан ҳосил бўлган мореналар сабаб қилиб кўрсатилади.

Мореналар музлик билан биргаликда, гўё уни миниб олгандек қуйи томон ҳаракатлана бошлайди. Фасллар алмашган сари устма-уст ёққан қор устидан янги мореналар ҳосил бўлаверади. Бу жараён шу тарзда давом этиб, ниҳоят, эриш чегарасига етгач, лойқа оқимга айланади. Зарафшон сувида фосфор миқдори Амударё ва Сирдарёга нисбатан 1,5-2 баробарга кўплиги шундан. Бу, албатта, ҳар қандай унумдорлиги паст даланинг ҳам жонига оро киритади.

Эътибор қилсангиз, туманимизнинг дарё ҳавзасида жойлашган қисмида тупроқ туси қора-кулрангга мойил.

Қачонлардир Зарафшон ҳозиргидан юз бор йирик ва серсув бўлган. Академик А.Муҳаммаджоновнинг фикрича, дарё беш минг йил муқаддам ўз сувини Амударёга қуйган. Дарҳақиқат, ХVI асрда яшаб ўтган самарқандлик тарихчи олим Ҳофиз Обрў “Кўҳак суви сернам йилларда то Жайҳунга қадар етар эди”, деб ёзади. Археологик ўрганишлар, қиёсий таққослашлар ҳам қадимда Зарафшоннинг бениҳоя муаззам дарё бўлганлинини тасдиқлайди. Шунчаларки, довруғи олис Рим ва Юнонистонгача етган.

Юнон мутафаккири Квинт Курсий Руф эрамизнинг I асрига оид қўлёзмаларида шундай ёзади: “Сўғдиёнанинг катта қисмидан маҳаллий аҳоли “Политимет” деб атайдиган дарё оқиб ўтади. У аввал тор ўзандан, сўнг энсиз ғорга оқиб, ер остида кўздан ғойиб бўлади. Бироқ дарёнинг шариллаган товуши эшитилиб туради. Ер усти доим зах”.

Яна бир антик давр олими Страбон ҳам ўз қайдларида Зарафшонни тилга олган.

Афсоналарда айтилишича, Александр Македонский ҳужумига қарши турган Спитамен 10 минг кишилик ёв лашкарига зарба бериб, дарё бўйидаги чангалзорда яширинган. Айрим тарихий манбаларда ушбу маҳораба қисман ёритилган. Бу туманимизнинг таҳминан, Олмазор, Найман маҳаллалари атрофида юз берган бўлса, ажаб эмас.

Сирасини айтганда, Зарафшон водийси тасаввур қилганимиздан анча йирик. Туманимиз унинг бир қисмини ташкил этади, холос. Унинг соҳили бўйлаб тўрт миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини ҳисобга олсак, буни тасаввур этиш мушкул эмас.

Орифжон ОДИЛОВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM