Эл севган шоирнинг жомбойлик дўсти

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Бундан 20-25 йил аввал туманимизнинг Наймантепа маҳалласидаги Туркман қишлоғида Бўрибой Норқулов деган фотомухбир бўларди. Уйланиб, бола-чақали бўлгач, тақдир тақозоси билан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига кўчиб кетган, республиканинг қатор етакчи газеталарида фотомухбир сифатида фаолият олиб борган. Ака-ука, ёр-у дўстларини кўргани ҳар гал қишлоққа келганида у билан ижод ҳақида, адабиёт ҳақида суҳбатлашардик. 2008 йилда Бўрибой ака вафот этди.  

У киши чўрткесар, дангалчи эди. Қайниси Бурҳон Ўринов ҳозирда туман тиббиёт бирлашмасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Яқинда шу муассасада бир муддат даволандим. Шифокор йигит поччаси ҳақида гапира туриб, унинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг яқин дўсти бўлганини айтиб қолди. Дастлаб бу гапга ишонмадим. Аммо, Бўрибой Норқуловнинг таниқли шоир билан ёшликда, Қора денгиз бўйидаги "Артек" болалар оромгоҳида бирга тушган суратларини, "Ишонч" газетасининг 2006 йил 11 февраль сонида эълон қилинган "Армон" мақоласини кўрсатганидан сўнг бу дўстликка ҳавасим келди.

"Артек"да бошланган дўстлик

Ҳа, Муҳаммад Юсуф ва Бўрибой Норқуловнинг дўстлиги бундан роппа-роса ярим аср муқаддам, яъни 1968 йилда, собиқ иттифоқнинг энг нуфузли болалар оромгоҳи бўлган" Артек"да бошланган экан. Ўшанда уларнинг иккови ҳам 14 ёшли ўспирин эди. 

…Нима бўлади-ю, ўша кунлари оромгоҳда ёш шоирларнинг кўрик-танлови ўтказилади ва унда Бўрибой Норқулов пахта ҳақидаги шеъри билан иштирок этиб, биринчи ўринни олади. Андижонлик ўқувчи Муҳаммад Юсупов эса рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлади. Шу кундан бошлаб шеър, ижод иштиёқи уларни бир-бири билан мустаҳкам боғлайди. 

Ҳордиқ кунларининг ҳар дақиқаси мушоира, мулоқот билан ўтади. Таътил охирида икки дўст бир-бирига ҳаётда ҳаммавақт елкадош бўлишга ваъдалашиб хайрлашадилар. Ўрта мактабни битиргунга қадар улар хат алмашиб туришади. Аммо кейин ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, бу алоқа узилиб қолади. 

…Орадан йиллар ўтиб, андижонлик ўша ўспирин Муҳаммад Юсуф номи билан машҳур шоир бўлиб етишади. Ижоди юксак эътироф этилиб, 44 ёшида “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олади.

"Даракчи" газетасининг 2000 йил 4 май сонида шу газета мухбирининг шоир билан суҳбати эълон қилинади. Унда Муҳаммад Юсуф ёшлик йилларини эслар экан, бир пайтлар самарқандлик Бўрибой исмли дўсти бўлганини, уни 32 йилдан бери излаб тополмаётганини айтади. Мана ўша суҳбатдан парча. 

"Савол: — Раҳматли дадангизнинг айтишича, жуда ёшликдан шеър ёза бошлаган экансиз.

Жавоб: — Мактабда ўқиб юрган чоғларимда шеър ёзардим. Мени "Артек"ка юборишди. У ерда танлов бўлганди, булунғурлик Бўрибой деган дўстим ўз шеъри билан қатнашиб, биринчи ўринни олганди. Мен ўрин ололмадим. Шундан кейин анча йиллар шеър ёзмай кетдим. Ўша дўстимнинг кейинги тақдири менга ҳозиргача номаълум. Уни ҳамон излаб тополмайман..."

Шу ўринда бир кичик изоҳ.

Бўрибой Норқулов туғилиб камолга етган Туркман қишлоғи 1968 йилда Булунғур туманига қарашли эди. Кейинроқ Жомбой тумани ташкил этилиб, бу қишлоқ янги туман ҳудудига киради. Ўша йилларда Бўрибой аканинг отаси Норқул бобо қишлоқда керосин, солярка сотаркан. У киши дўсти Муҳаммаджонга "менинг отамни Норқул заправкачи дейишади", деб айтганди. Бундан ташқари, Бўрибой ўқиган қишлоқ мактаби ҳам у вақтда 119-чи рақам билан юритилган, Жомбой ташкил этилганидан сўнг эса 6-мактабга айланган. Шунинг учун Муҳаммад Юсуф ҳар гал Самарқандга келганида Булунғур туманидаги 119-мактабни, заправкачи Норқул бобони суриштираверган. Аммо янги туман ташкил этилиб, номлар ўзгариб кетганини унга ҳеч ким тушунтирмаган.    

"Гўшакни Бўрибойга бер!"

…"Даракчи" газетасини ўқиган Бўрибой аканинг яқинлари унга хабар беришади. Ўша воқеани Бўрибой Норқулов "Армон" мақоласида шундай хотирлайди:

"…Газетадаги суҳбат, мақолани ўқиб дастлаб, рости ишонмадим. Мақолани қайта-қайта ўқийман, ҳаяжон босади, хаёлларим олис ёшлик йиллари сари етаклайди. Ёшликдаги дўстларим манзилгоҳлари ёзилган ён дафтарчамни варақлайман. Унда битилган "Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Қовунчи қишлоғи, Юсупов Муҳаммаджон", деган ёзувни кўриб ўз-ўзимдан уялиб кетдим…"

Шундан сўнг Бўрибой ака дўстини йўқлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига боради ва у ердан Муҳаммад Юсуфнинг манзили, уй телефони рақамини олади. Қувонч, ҳаяжонини яшира олмай, ҳамкасби, "Мулкдор" газетасининг ўша вақтдаги бош муҳаррири Миродил Абдураҳмоновнинг олдига бориб, шоир билан ёшликда тушган суратларини кўрсатади. У киши дарҳол Муҳаммад Юсуфнинг уйига қўнғироқ қилади ва унга 32 йилдан буён излаётган дўстининг топилганини айтади. Хушхабарни эшитган шоир муҳаррирнинг гапини бўлиб "Гўшакни Бўрибойга бер!", — дейди. 

" …Кўп гаплашмадик. Дўстим уйига тез етиб боришимни сўради. Машинада кетяпман, юрагим алланечук бўлиб боряпти. Қанийди тезроқ бориб, дўстимни бағримга боссам дейман. Мана, ва ниҳоят, унинг уйидаман…

…Шу куни алламаҳалгача дийдорлашиб чиқдик. Бир-биримизнинг суҳбатимизга тўймаймиз. Дам ёшлик йилларимизни эслаймиз, дам кейинги ҳаётимиз билан қизиқамиз, оиламиз, ишларимиз ҳақида гаплашамиз. Шу учрашувимиздан сўнг бирмунча муддат борди-келди қилдик. У ёш ижодкорларнинг меҳрибон устози эди. Зомин анжумани усиз ўтмасди. Ҳар гал Жиззахга келганида албатта мени йўқларди. Гурунгимиз фақат ижод ҳақида бўларди. Кўпинча менинг қистовим билан шеър ўқиб, мендан ҳам шеър ўқишимни сўрарди. Шоирликка даъво қилмайман, десам, кулиб, "Сиз ўз шеърингиз билан ёшликда бутунжаҳон болаларини лол қолдиргансиз" дейди, — хотирлайди Бўрибой ака.

Шундай қилиб, узоқ айрилиқдан сўнг болаликдаги дўстлар яна топишадилар.

Ҳазрати Хизрнинг дуоси

Бўрибой аканинг хотирлашича, қайта учрашганларидан сўнг у шоир дўстининг Марҳаматдаги уйида кўп бор меҳмон бўлган, Энахон аянинг қўлидан чой ичиб, у кишининг суҳбатларини олган. Аянинг айтишича, бир куни ёшлигида Муҳаммаджон тушида Ҳазрати Хизрни кўрган экан. У ариқ бўйида ўтирган бўлажак шоирнинг олдига келиб, қўлларини дуога очаркан-да, "Ёз ўғлим, албатта, ниятингга етасан", — деб оқ фотиҳа бераркан. 

Шундан сўнг шоир ажойиб шеърлар ёза бошлайди. Китоблари бирин-кетин чоп этилиб, ижоди оммалашади.

…2001 йил июль ойининг сўнгги куни. Болаликдаги қадрдон дўсти, Халқ шоирининг бевақт вафоти ҳақидаги қайғули хабар унинг минглаб мухлислари қатори Бўрибой Норқуловни ҳам ларзага солди. Ўша кунлари шифохонада даволанаётган Бўрибой ака дўстининг дафн маросимига афсуски, боролмади.

Кейинчалик, у кишининг бевосита саъй-ҳаракати билан Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги 19-умумтаълим мактаби ҳовлисига Муҳаммад Юсуфнинг мармар бюсти ўрнатилиб, унинг атрофида кўркам боғ ташкил қилинди.

Шоир жуда камтар, хокисор инсон эди. Бу камтарлик ва хокисорлик унинг дўсти Бўрибой акага ҳам юққан бўлса ажаб эмас. Негаки, қишлоққа келганида кўп мулоқотда бўлганман, аммо бирон марта ҳам машҳур халқ шоири унинг яқин дўсти эканини айтмаган.

Ёр МУҲАММАД.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM