– Ҳолвойида замонавий мактаб очилганмиш... – Бу хабар ўлка бўйлаб бир зумда тарқалиб кетди. – Мактаб пишиқ ғиштдан қурилган, синф хоналар ёруғ. Эски мактаблардан фарқ қилар эмиш. Бўйра ўрнида парталар. Ўқитилаётган фанлар ҳам замонавий. Рус, ўзбек тилларидан сабоқ бериляпти...
Тарих қатидаги ҳақиқатлар мактаб фаолиятини бошқариш, икки қарама-қарши куч ўртасида сабоқ бериш осон кечмаганига ишорадир. Шунга қарамай, Ажзий ўз эътиқодидан қайтмади. Мактаб фаолиятини давом эттирди. Ҳолвойи маҳалласида 1903 йилда қурилган ушбу бино ҳозир ҳам бор. Кейинчалик, ўлкада унга ўхшаш таълим даргоҳлари кўпайди. Аммо 1914 йил 3 январь куни Мирзо Улуғбек мадрасаси жомесида жадид бобомизга қарши катта айблов қўйишди.
Муаззин Аббос минбарга чиқиб, Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида очилган мактабларни "бидъадхона" деб қоралайди. Ўтилаётган дарслик ва китобларни куфрона, дейди. "Кимки бу мактабларга оёқ босиб, сабоқ берса, ўзи кофир, хотини талоқ бўлсин" деб жар солади. Натижада мактаблар фаолияти бирин-кетин тўхтайди.
Тазйиқ ва камситишлар узоққа бормади. Маърифатпарварларни ҳеч ким тўхтатиб қололмади. Ҳолвойида шу йили "Зарафшон" номли кутубхона очилади. Ўлкада тақиқланган асарлар Тифлис (ҳозирги Гуржистон)да нашр этиб келтирилади.
Сиддиқий Ажзий ўзбек, рус ва тожик тилларида ижод қилган. Озорбайжон матбуотида фаол иштирок этган. Ўз тақдирини Туркистон билан боғлаб, юпун халқ ва маърифат ҳимоясига отланди.
Умрининг сўнги йилларигача шоир, педагог, жамоат арбоби сифатида кураш олиб борди. Ғалаён руҳидаги публицистик мақолалари "Қизил Ўзбекистон", "Овози тожик", "Зарофшон" газеталарида чоп этилди. Тиғли ҳажвий шеърлари билан маърифатга йўл очди.
Ажзий қолдирган адабий мерос бой ва салмоқлидир. Шоирнинг 1914-1916 йилларда чоп этилган "Ганжинаи ҳикмат", "Айнул адаб", "Анжумани арвоҳ" каби асарлари ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб жой олди.
"Инқилоб" журналининг 1924 йил 12-сонида Сиддиқий фаолияти ҳақида илиқ фикрлар ёзилади: "Бизнинг текширадиганимиз самарқандлик шоиримиз Ажзийдир. Исми Саидаҳмадхўжа, унвони Сиддиқий. Ҳалвоий қишлоғида деҳқончилик билан машғул. Буюк бир истеъдодга эга бўлгандан кўп санъатларнинг устозидир. У яхши бир техник ҳам. Соат ва турли машиналарни тузатмоқ ишларида машҳур. Яхши тикувчи ва тўқувчи, яна яхши овчидир. Мусиқа билан анча шуғулланган. Араб, форс, рус тилларини мукаммал билур. Форсча шеърлари форс адабиёти билан яхши таниш эканига шоҳид".
Шоирнинг бизгача етиб келган адабий меросини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бегали Қосимов бошлаб берган илмий тадқиқотлардан кейин анча изланишлар олиб борилди. Маърифатпарвар адиб мероси ниҳоятда улкан ва бебаҳо. Бу ҳақиқатларнинг юзага чиқиши бир юртдош сифатида барчамизни қизиқтириши шубҳасиз.
Ойҳумор АСАДОВА,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.