"Эсизгина ёшлигим..."

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Байрам арафасида фронт орти меҳнаткашларини йўқлаб бордик. Улар тирик тарих. Урушда кечган болалиги ҳақида сўрасангиз, “Шуни эслатманг. Номи ўчсин урушни”, дейишади.

Хитойпоён маҳалласида беш нафар фронт ортида меҳнат қилган нуроний истиқомат қилар экан. Баҳри Очилов 94 ёшни қаршилаяпти. Отахон билан узоқ суҳбатлашдик. Сўз бориб, яна уруш мавзусига тақалди. Бобо йўқотилган болалиги ҳақида изтироб билан сўзлади.

– 14 ёшда эдим, – дейди Б.Очилов. – Далада ишлаётган эдик. Радио орқали уруш бошланганини хабар қилишди. Кейин ҳарбийга яроқли йигитлар бирин-кетин жўнаб кетди.

Омочга уланган от оёғимни босиб кетганди. Жароҳатим жиддий кўринган бўлса керак, урушга олишмади.

Тенгдошларимнинг кўпчилиги омонсиз жанглардан қайтмаган. Мана, ёшим бир жойга бориб қолди. Аммо ўша армон юракни тирнаб тураверар экан. Мен ҳам урушга кетиб, инсоният озодлиги учун жанг қилишим керак эди. Аммо, бу тақдир. Уларнинг жасоратини ёш авлодга эслатиб туриш учун ҳам Яратган умримизга умр қўшаётгандир. Ҳаётимдан нолимайман. Шукур, фарзанд-невараларим ёнимда. Тинч-осуда кунлар бизга насиб этди.

Баҳри бобо оёғидаги жароҳат сабаб юришга қийналади. Шунга қарамай, меҳнатдан қочмайди. Урушдан кейинги оғир дамларда ер чопиб, пахта эккан. Беғубор болалиги ана шу далаларда қолиб кетганидан ўкинади...

Суҳбатимиз якунига етгач, маҳалла фаоллари Қўчқор Ашуровни ҳам йўқлаб ўтайлик, дейишди. Фронт ортидаги заҳматли меҳнат ҳақида кўпроқ билиш, қизиқиш бизни нуроний хонадони сари етаклади.

– Отамдан эрта айрилдик, – дейди Қ.Ашуров. – 5-синфда ўқиётган пайтим, акам вафот этди. Онам, укам билан қолганмиз.

Рўзғор юки зиммамга тушгач, ўқишни ташладим. Маош ўрнига шоли курмагини олганмиз. Нондан кўра, кўкат еган кунимиз кўп бўларди. Катталардан яшириб, чигит, лавлаги уруғини еб юрардик.

У киши фронт ортида пахта экиб, арпа, буғдой ўрган кунларини хотирлади. От устига болаларни миндириб, ғалла янчгани ҳақида сўзлаб берди. “Бошоқлар салқин ҳавода яхши ситилмайди. Шунинг учун офтоб тиғига дош бериб, даладан бери келмасдик”, – дейди у.

Ҳозирги кунда туманимизда 37 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари истиқомат қилишяпти. Катта қишлоқ ва Хитойпоён маҳалласида 5 нафардан, Саричашма, Наймантепа, Қудуқли, Қўрғонсоломон, Зарафшон, Деҳқонобод ва Ҳолвойи маҳаласида 2 нафардан, Нўш, Қўнғирот, Қорамўйин, Кўкгумбаз, Полвонариқ, Эски Жомбой ва Самарқанд маҳаллаларида бир нафардан, Ногаҳон ва Найман маҳалласида 3 нафардан уруш даври фидойилари яшайди. Уларни йўқлаб, суҳбатларини олганда дориломон кунлар қадрини теранроқ ҳис этасан, киши.

Аҳрор ШАМСИЕВ.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM