Туманимизда Конституция куни нишонланмоқда

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан туман ҳокимлигида байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда жамоатчилик вакиллари, самарали фаолият юритаётган соҳа меҳнаткашлари қатнашди. Бир гуруҳ тумандошларимизнинг ютуқлари эътироф этилди. Мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирилди.

Дарҳақиқат, туманимиз учун ўтиб бораётган йил ютуқларга бой бўлди. Айниқса, ёшларимиз нафақат вилоят, балки республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритишгани қувонарлидир. Ғолибжон Раҳматуллаев ҳамда Шоҳсанам Сафарова жаҳон, Дониёр Йўлдошев Ўзбекистон чемпиони рутбасига эришгани эса спорт соҳасидаги ислоҳотларга муносиб жавоб бўлди, десак муболаға эмас.

Маросимда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди ва сўзга чиқди.

– Саноат, ишлаб чиқариш, инвестиция тармоқларида ҳам юқори самарадорликка эришмоқдамиз, – деди ҳоким. – Яқинда вилоятимиз мезбонлик қилган “Invest in Samarkand” халқаро форумини олайлик. Нуфузли анжуманда 44,3 миллион АҚШ долларлик 5 та лойиҳа бўйича музокара олиб борилди. Туманга 39,3 миллион доллар тўғридан тўғри инвестиция киритиш бўйича келишувга эришилди. Умумий қиймати 11,5 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди. Бу каби ютуқлар Конституциямиз орқали мустаҳкамлаб қўйилган бозор иқтисодиёти, тадбиркорлик учун кенг эркинликларнинг иниъкосидир.

Тадбир давомида самарали меҳнат қилаётган ходимлардан бир гуруҳи туман ҳокимлиги фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маданият бўлими ходимларининг байрам дастури тадбирга файз киритди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM