Ўн йилки, мамлакатимизда намунавий уй лойиҳаси амал қилиб келяпти. Ўтган давр мобайнида минглаб эҳтиёжманд фуқаролар ўз яшаш жойига эга бўлди. Шунчаки, бошпана бўлиб қолмай, ҳар томонлама қулай, жаҳон стандартларидаги уйлар ҳисобига ушбу рақамлар ошиб бораётгани қувонарлидир.
Туманимизнинг Катта қишлоқ, Эски Жомбой, Аҳмаджон Қурбонов, Зарафшон маҳаллалари ҳудудида ҳам шу каби ҳудудлар бунёд этилди. Узуновул массиви эса қисқа фурсатда ўзига хос шаҳарча мақомини олди. Жорий йилда 102 та замонавий уйлар қурилиб, 26 таси учун дастлабки бадаллари хомийлик асосида тўлаб берилди.
Навбатдаги 102 та уйнинг фойдаланишга топшириш маросимида меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирок этди.
Узуновул массивида қурилган кўп қаватли турар-жойдан ўғли учун уй олган Фотима Довурованинг қувончи чексиз.
– Уч фарзандим билан бир уйда яшар эдик, – дейди онахон. – Ҳокимлик вакилларига қилган мурожаатимиз ўрганилди, шароитимиз ҳисобга олиниб, имтиёзли шартлар асосида уй беришди. Халқпарвар сиёсат юритаётган барча раҳбарларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Г.Алимова ҳамда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди.