Вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман солиқ инспекцияси ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Мамлакатимизда соҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган қонунга мувофиқ, 1 январдан солиққа тортиш тизимида қатор тартиблар ўзгартирилди. Натижада, Солиқ кодекси таркиби 71 боб, 480 моддага етди. Эндиликда, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар 9 турдаги солиқ тўловларини амалга оширадилар. Қайд этиш жоизки, аввалги тартибга кўра, солиқ турлари 13 тани ташкил этган.
Семинар давомида туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Азаматов якка тартибдаги тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес бошқарувчилари, корхона, ташкилот ва муассаса ҳисобчиларига бу борада батафсил тушунча берди.
– Ислоҳот замирида қонунчиликни соддалаштириш, зиддият ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш, инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, соҳа механизмини такомиллаштириш мақсад қилинган, – дейди Ш.Азаматов. – Қабул қилинган янги таҳрир айниқса, тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратади. Биргина мисол, давлат божлари, алоҳида товар турларини сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар кодексдан чиқарилди. Энг муҳими, масъулиятни англаган солиқ тўловчи бундан буён ҳимоя қилинади.
Тадбир давомида туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари М.Исмоилов амалга оширилаётган ислоҳот ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олишди.
Семинарда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев ҳамда 3-сектор раҳбари С.Шавманов қатнашди.
Солиққа оид қонунчилик билан аҳолини таништириш мақсадида жойларда давра суҳбатлари давом этмоқда.