Ходим нега ишга келмади?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ижро интизоми ва иш тартибини тўғри ташкил этилмаслиги кўплаб муаммоларга сабаб бўлади. Агар юқори бўғинда тартибсизлик ҳукм сурса, соҳани тартибга олиш қийин кечади. Туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан таълим тизимини ўрганиш асносида бунга яна бир бор амин бўлдик. 
Дастлаб, мактабгача таълим бўлимидаги аҳвол ҳусусида.
Иш вақти бошланганига қарамай ходимлардан ҳеч ким иш жойида эмас. Бўлим учун ажратилган олтита кабинет қулфланган ҳолатда. Ўрганиш давомида бўлим мудири Д.Облоқулованинг қабулига келган фуқаролар йўлакда кутиб турганининг гувоҳи бўлдик. Улар билан суҳбатлашилганда аксарияти жойлардаги давлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбарларидан норози бўлиб келганини билдирди. 
Ҳусусан, Деҳқонобод маҳалласида яшовчи икки нафар фуқаро 7-ДМТТга иш сўраб борган. Муассаса мудири 40 кунлик тайёрлов курсларидан ўтиб келса, ошпазлик штатига ишга олишини айтган. Бу ваъдага ишонган фуқаро кейинчалик тайёрлов курси сертификати билан келганида мудира бўш иш ўрни мавжуд эмаслигини айтади. Бир неча ойдан бери сарсон бўлаётган мурожаатчи туманда соҳага масъул бўлган шахснинг қабулига додини айтиб келсаю, раҳбарни тополмаса, бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? 
Иш вақти бошланганидан ярим соатлар ўтиб аввал бўлим иш юритувчиси (котиба), сўнг мудирнинг ўзи кириб келди. Аммо бошқа ходимларни топишнинг имкони бўлмади.
Ишчи гуруҳ халқ таълими бўлимида ҳам ўрганиш ўтказди. Аппарат ходимлари 57 нафар экани ҳужжатларда акс этган. Аммо улардан айримлари иш жойида эмас.
Хусусан, давлат харидлари ва шартномалар бўйича мутахассислар Ш.Нуруллаев, У.Жуманов, қозонхоналар бўйича мутахассис А.Холиқов, чилангарлар Ш.Каримов ва Ж.Давроновни соат 10:15 да ҳам иш жойида учратмадик.
Кадрлар бўлими бошлиғи Ў.Хайдаровнинг билдиришича, баъзи ходимлар мактабларга чиқиб кетган. Бошқа ходимлар жойларда ўз ишини давом эттирмоқда. 
Яна бир жиҳат. Ўрганиш ўтказилган вақтда бўлим мудири ва ўринбосари ҳам иш жойида эмаслиги аниқланди. 
Халқ таълими бўлимида ўн кунлар аввал раҳбар алмашинуви юз берганидан хабарингиз бор. Аммо бундан ўзлари бехабар қолган кўринади. Акс ҳолда девордаги маълумотлар янгилаб қўйилган бўларди...
Хуллас, ҳар икки тизимда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар, мутасадди раҳбарлар жиддий хулоса қилиши керак. Зеро, аллақачон “уйғониш вақти” етди.

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM