Оила тақдири шунчаки ҳал этилмаслиги керак

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Туман ҳокимлигида ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи орган вакиллари, маҳалла раислари, фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. 2019 йил якунлари ҳамда 2020 йил учун режалаштирилаётган мақсад-вазифалар мавзуидаги тадбирда оилаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш, ажримларнинг олдини олиш масаласи муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, ўтган бир йил давомида туманимизда 152 та оила ажрими кузатилган. Ўрганилганда уларнинг аксарияти маиший муаммолар оқибатида юз бергани аниқланган. Тадбирда сўзга чиққан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман кенгаши раиси И.Асроров 170 минг аҳоли истиқомат қилаётган Жомбой учун бу салбий кўрсаткич экани, тизимда фаолият юритаётган ҳар бир ходим бундан хулоса қилиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Юсупованинг ҳисоботи эшитилди.

– Бир оила ажралиб кетишига бутун жамиятнинг инқирози сифатида қарашимиз керак, – деди З.Юсупова. – Белгиланган тартибга кўра, фуқаролик судлари ажрим билан боғлиқ даъво аризаларини қабул қилишда яраштирув комиссиясининг хулосасини сўрайди. Афсуски, жойлардаги комиссиялар иши қониқарли ташкил этилмай келяпти. Биргина мисол. Биз ажрашмоқчи бўлган фуқароларни комиссияга йўналтирсак, икки соат ўтмай қўлида ёзма хулоса билан келади. Комиссия аъзоларини йиғиш, муаммони муҳокама қилиш, ажрашмоқчи бўлганларга тўғри йўл кўрсатиш ва ҳоказо чоралар учун қанча муддат керак? Ўйлашимча, бир оила тақдирини жуда осонлик билан ҳал қилиб қўймоқдамиз. Ўртада тирик етим қолаётган фарзандлар эса ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмаяпти. Маҳалла фаоллари, нуронийлар, масъуллар бу ҳақида ўйлаб кўришлари мақсадга мувофиқ.

Йиғилишда туман кенгаши депутатлари, ИИБ ходимлари, эл-юрт орасида ҳурмат қозонган фуқаролар, мутасадди раҳбарларни маҳаллаларга бириктириш таклифи билдирилди. Уларга жойлардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, эрта турмуш, оилавий ажрим каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш вазифаси юклатилди. Маҳаллаларда фуқаролик ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд тадбирларини ўтказиш белгиланди.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев қатнашди.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM