24 ёшли жомбойлик қаҳрамон ҳақида ҳикоя

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Иккинчи жаҳон уруши йилларида 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардонавор жанг қилган. Уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмаган. Жанговар жасоратлари учун 338 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, 53 киши «Шуҳрат» орденининг учала даражаси билан тақдирланди. 120 мингдан ортиқ жангчи ва командирлар орден ва медаллар билан мукофотланди. Қаҳрамонлар орасида Самарқанд фарзанди Аҳмаджон Қурбонов ҳам бор.

"Аҳмаджон"га борасизми?

Жанггоҳларда жасорат кўрсатиб, 24 ёшида қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлган ўзбек ўғлони ҳақида хотира ёзиш мақсадида Қўлбости маҳалласи томон йўлга чиқдим. Манзилга олиб борадиган автоуловлардан бирига яқинлашганимда ҳайдовчи "Аҳмаджон"га борасизми?" деди машинаси томон бошлаб. Бошқа ҳайдовчилар ҳам узоқ-яқиндан "Аҳмаджон"га бир киши!", деб мижоз чақирарди.

– Аҳмаджон, деганингиз ким? – йўлга тушгач ўрта ёшли ҳайдовчи йигитдан сўрадим.

– Билмадим, жой номи бўлса керак, – деди елкасини қисиб. Машинадаги бошқа йўловчилардан ҳам жўяли жавоб чиқмади. Фақат бир киши "Қишлоғимизда шунақа бир одамга ҳайкал (бюст демоқчи) қўйи­шувди, бузилиб кетди. Ҳозир эски мактаб биносида турибди. Ўша одам бўлса керак", деди.

–  Хайрият, сал-пал биларкансиз, –  дедим унга раҳмат айтиб.

Қўлбости маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Абдувоҳидов билан 2-умумтаълим мактаби ҳовлисига –  Аҳмаджон Қурбонов хотирасига бюст ўрнатилган жойга келдик. Ёдгорлик тор жойда, дов-дарахтлар қуршовида мунғайиб турар, ҳовлига дафъатан кирган киши уни илғаб олиши даргумон эди.

– 1970 йилларда ўрнатилган. Ўша пайтда Аҳмаджон Қурбоновнинг Ленинградда истиқомат қилаётган Тамара исмли қизи, Тошкентдан меҳмонлар ҳам келишган, –  деди мактаб директори Ҳусниддин Абдушукуров. – Ҳозир мактабимиз касб-ҳунар коллежининг замонавий биносида фаолият кўрсатмоқда. Насиб бўлса, бюстни ҳам ўша ерга кўчириб ўтказамиз. Бунга тайёргарлик кўриляпти.

– Аҳмаджон Қурбонов ким бўлган? У кишини яхшироқ биладиган одам борми қишлоқда?

Саволимга 90 ёшни қоралаб қолган Яхшилик бобо Эшмуродовни айтишди. Қишлоқ советида, давлат хўжалиги ҳамда узоқ йиллар маориф соҳасида меҳнат қилган отахон Аҳмаджон Қурбоновнинг жияни экан.

Яхшилик бобонинг ҳикояси

Отахонни излаб бордик. Бир энтикиб олгач сўз бошлади:

– Аҳмаджон аканинг ҳоки-поки ўзга юртларда – Польша тупроғида қолиб кетди. У ерда уни эъзозлаб "Озодлик қаҳрамони" деб аташар экан. 1975 йилда изтопарлар кўмагида қариндошим ётган жойга боришга ҳаракат қилдим. Бироқ ниятим амалга ошмади. Аҳмаджон Қурбоновнинг ҳаёти ва фаолияти, уруш йилларида кўрсатган жасорати тўғрисида тўпланган ҳужжатлар асосида ёзган қораламаларим бор. Қизиқсангиз, беришим мумкин.

Отахон ёзган битиклар Ўзбекистон Республикаси Хотира китобида келтирилган маълумотларга мос экан.

Аҳмаджон Қурбонов 1921 йил Жомбой туманидаги Шерқўрғон қишлоғида, деҳқон оиласида туғилган. Еттинчи синфгача Ғазира қишлоғида, сўнгра эски Жомбойдаги мактабларда ўқиган. Самарқанд шаҳридаги уч йиллик ишчилар факультетида таҳсил олиб, туман ёшларига етакчи этиб сайланган.

Кунларнинг бирида туман раҳбари билан масала талашиб қолади. Табиийки, бу "катта"га ёқмайди. Уни Тожикистоннинг Кўлоб вилоятига ўқитувчи қилиб юборишади. Буни қарангки, Аҳмаджон ўз бахтини ўша ердан топади. Ўқитувчи сифатида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)дан келган Мария Смирнова билан турмуш қуради. Кейинчалик Мариянинг тавсиясига кўра, Ленинград университетининг тарих факультетига сиртдан ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаши арафасида вилоят ҳарбий комиссарияти уни Томбов шаҳридаги кичик командирлар тайёрлаш ҳарбий билим юртига ўқишга юборади. Кейинчалик олий зобитлар курсини битиради. Бу орада уруш бошланиб кетганди...

Турмуш ўртоғи шу пайтда ҳомиладор бўлиб, Аҳмаджонни кутаётган эди. Бироқ тақдир уларнинг учрашишига тўсқинлик қилди.

Урушнинг илк кунларида хотинига юборган хати сақланиб қолган. Унда "Мария, сен Ленинградга – онангнинг ёнига қайт. Ўша ерда сенга осон бўлади" деб ёзилганди. Афсуски, уларга қайта учрашиш насиб этмади...

Гвардиячи майор жасорати

1943 йилда Аҳмаджон Қурбонов командирлигидаги ўқчилар батальони 1-Беларуссия фронтига келиб қўшилган. Февраль ойида фашистлар билан бўлган жангда А.Қурбонов яраланади. Унинг юксак ҳарбий маҳорати, жасорати ва қаҳрамонлиги, 1944 йилнинг июнь ойида фашистлар мудофаасининг Бобруйск йўналишини ёриб ўтиш учун бўлган жангда, айниқса, яққол намоён бўлди. “Багратион” операцияси муваффақиятли ривожланиб борарди. Батальон босқинчиларга қақшатқич зарба берган ҳолда полк ҳужумидан уч кун илгари Гухлино қиш­лоғининг шимолроғида душман позицияларига 45 километр кириб бориб, Нарев дарёсига чиқди. Гвардиячиларнинг ҳужумини тўхтатиш мақсадида фашистлар уларга қарши йирик пиёда аскарлар қисми ва танклар ташлайди. Бунинг устига осмондан фашист самолётлари тўхтовсиз бомба ёғдирарди.

Ана шундай мураккаб ва ўта қийин шароитда батальон командири А.Қурбонов тактик айёрлик ишлатди. Душманнинг кўзига дарёнинг маълум бир қисмидан гўё батальон жангчиларини кечиб ўтаётгандек қилиб кўрсатди. Ўзи эса асосий куч билан бошқа кечувдан ўтиб Корневск қишлоғини эгаллади. Командирнинг тахмини ўзини оқлади. Дарёнинг қарама-қарши қирғоғида кичик талафот билан муҳим плацдарм қўлга киритилди.

Аммо бу ҳали жанговар ҳаракатларнинг бош­ланиши эди, холос. Гвардиячи майор Қурбонов ҳужумни янада ривожлантириб, душманнинг қирғоқбўйида жойлашган нуқталарини ҳам ишғол қилишга буйруқ берди. Чунки шундай қилинса, полк асосий қисмининг дарёдан кечиб ўтиши учун имконият яратилар эди.

Душман ҳимоя чизиғининг ичкарисига кириб борар экан, батальон жангчилари босқинчиларнинг позицияларига қақшатқич зарбалар берди. Бундан ташқари, сон жиҳатидан тенгсиз бўлган қўл жангида гитлерчиларни траншеялардан қувиб чиқариб, 91,3 рақамли муҳим тепаликни эгаллашди. Сивешено қишлоғининг шимоли-шарқидаги шоссени тўсиб қўйишди. Варшава ҳамда Шимолий Пруссия чегарасига олиб чиқувчи, Нарев дарёси бўйидаги муҳим таянч нуқталаридан кутилмаганда ажралиш немис қўмондонлигини саросимага солиб қўйди.

Оқшом тушиши биланоқ душман қарши ҳужумга ўтади. Босқинчилар қўлдан бой берилган позицияларини яна қайтариб олишга жон-жаҳди билан уринар, аммо уларнинг барча ҳаракатлари зое кетарди. Белоруссия ерларида душманга қақшатқич зарбалар берган совет қўшинлари шу тариқа Польша ҳудудига кирган. 

Урушнинг оловли йўлларида Аҳмаджонга турмуш ўртоғи Мария ва беш яшар қизи Тамаранинг мактублари далда бўларди. Улар ғалабага ишонардилар. Аммо жасур командир А.Қурбоновга уйга қайтиш насиб этмади. Ғалабага бор-йўғи икки ой қолганида, 1945 йилнинг 6 февраль куни қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

А.Қурбонов Польшанинг Плоцк вилояти, Граусенск уездидаги Шейнах қишлоғи яқинига ҳарбий иззат-икром билан дафн қилинади.

СССР Олий Совети Президиумининг 1945 йил 24 мартдаги фармонига кўра, Нарев дарёсини кечиб ўтишда кўрсатган улкан жасорати учун гвардиячи майор Аҳмаджон Қурбоновга ўлимидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвон берилган.

Ҳайкаллар қайта "тирилади"ми?

2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида "Мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз", дея таъкидлади. Зеро, урушда қатнашган ҳамда фронт ортида заҳмат чеккан ҳар бир инсон шундай эъзозга лойиқдир.

Йиллар ўтиши билан жойларда уруш қатнашчилари хотирасига қўйилган ёдгорлик ва лавҳалар бир муддат унутилгандек бўлди. Улар қаровсиз қолдирилди. Халқимиз мардлиги ва жасоратини намойиш қиладиган бу жонсиз сиймоларни энди "қайта тирилтириш", ватандошларимиз хизматини ёшларимиз онгига, шуурига сингдириш вақти келди. Мардлик ва жасорат эса ҳеч қачон унутилмайди.

Жумладан, 24 ёшида қаҳрамон бўлган Аҳмаджон Қурбоновдек ўзбек ўғлонларининг номи мангуликка дахлдордир. Унинг номи абадийлаштирилган. Жомбойдаги бир маҳалла, ўқувчиларнинг ёзги оромгоҳи Аҳмаджон Қурбонов номи билан аталади. Юқорида тилга олганимиз – йўловчиларнинг қалбига бу исмёшлигидан жо бўлиб қолгани бежиз эмас.

Адҳам ҲАЙИТОВ.

zarnews.uz

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM