8-мактаб ўқувчилари Фарғонага боради

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жойларда ёшлар билан учрашувлар ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Бундан кўзланган мақсад келажагимиз эгаларининг кўнглига қулоқ тутиш, мақсад-режалари билан  танишиш, муаммоларини ўрганиш, уларга имкон қадар ёрдам беришдан иборат. Туманимизда ҳам бу каби тадбирлар анъанавий тус олмоқда. Бугун туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев сектор раҳбарлари иштирокида 8-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди.

Тадбир давомида мактабнинг волейболчи қизлар жамоаси нуфузли мусобақаларда юқори натижалар қайд этаётгани эътироф этилди. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси М.Дониёров яқинда Фарғона шаҳрида республика чемпионати ўтказилиши режалаштирилаётгани билдирди. Мактаб жамоаси ҳам унда иштирок этиш учун саралашдан ўтган, аммо йўл, овқатланиш ва меҳмонхона масаласи ташкилотчилар томонидан молиялаштирилмас экан.

– Жомбой шаънини ҳимоя қилаётган ҳар бир ўғил-қиз эътиборимиздан четда қолмайди, – деди ҳоким. – Жамоанинг сафар ҳаражатлари ҳокимлик томонидан тўлаб берилади. Бундан кейин олдига яхши мақсад қўйган ҳар бир ўқувчига муносабатимиз шу тарзда бўлади.

Учрашув давомида ҳудуд ёшларидан Ш.Тўзраевнинг уй-боғча ташкил этиш, 8-мактаб кутубхоначиси Д.Абдураҳмонованинг кутубхона фондини бойитиш мазмунидаги мурожаатлари ҳам ўрганилди. Шунингдек, ишга жойлашиш масаласида 4 нафар фуқарога амалий ёрдам берилиши белгиланди.

Тадбир сўнгида таълимда юқори натижалар қайд этган бир гуруҳ ўқувчиларга бадиий китоблар совға қилинди. 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM