Ширинкентда боғчага бормайдиган бола қолмади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Президентимизнинг парламентга йўллаган бу йилги мурожаатномасида таълим тизими, айниқса, мактабгача ёшдаги болаларни тарбия билан қамраб олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, кичик ёшдан фарзандларимизга сифатли таълим-тарбия бермасак, олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш қийин.

Туманимизда ҳам мактабгача таълим ташкилотлари сони ва сифатини яхшилаш борасида амалий ишлар изчил давом этяпти. Яқинда Тут маҳалласида 17-ДМТТ фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар қилгандик. Бугун ширинкентликлар ана шундай қувончли воқеага гувоҳ бўлишди.

Янгитдан ишга тушган 19-мактабгача таълим ташкилоти қисқа фурсатда реконструкциядан чиқарилганини эътироф этса арзийди. 150 ўринга мўлжалланган бино 6 та машғулот, 6 та ётоқ, қисқа муддатли гуруҳ хоналари, шунингдек мусиқа ҳамда овқатланиш залини ўз ичига олган.

– Маҳаллада 3-7 ёшли болалар сони 316  нафарни ташкил этади, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулова. – Ҳудудда 160 нафар болани қамраб олган 12-ДМТТ ҳам фаолият юритади. 200 ўринли янги боғчамиз ишга тушиши билан ширинкентлик болажонлар тарбия билан тўлиқ қамраб олинди.

Муассасанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари, фаоллар қатнашди. Вилоят ҳокими ўринбосари Г.Алимова ҳамда туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев сўзга чиқиб, ёшлар учун яратилаётган шароитларга тўхталишди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, янги муассаса биносини қуриш ва таъмирлаш учун 2 миллиард 198 миллион сўм маблағ сарфланган.

 

2015-2024 © Жомбой туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM